ЖАМИЯТ

ЭҲТИЁЖМАНДЛАР «1197» ҚИСҚА РАҚАМИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШЛАРИ МУМКИН


09.04.2020   2183

Карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларга зарур маҳсулотларни етказиб бериш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шу мақсадда Республика махсус комиссиясининг қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилинди.

Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемиясидан жабр кўрган аҳолига, биринчи навбатта, эҳтиёжманд оилаларга бирламчи озиқ-овқат махсулотлари ва дори-дармонларни етказишга кўмаклашиш мақсадида жорий этилди.

Вилоятимизда ушбу марказ фаолияти 4 апрелдан йўлга қўйилди. Андижон шаҳрида жойлашган марказда кўнгилли асосда ишлаш учун Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзоларидан июорат волонтерлар жалб этилди. 8 нафар оператор 9.00 дан 17.00 га қадар “1197” қисқа рақами орқали келиб тушаётган мурожаатларни қайд этишмоқда. Шунингдек, бирламчи озиқ-овқат махсулотлари ва дори-дармонларни тушириш, юклаш ишларини бажармоқдалар.

-Вилоят бўйича ушбу ишга жами бўлиб 262 нафар волонтер жалб этилган, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ойбек Йўлдошев. – Шу жумладан, Андижон шаҳрида 30 нафар аъзоларимиз ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Мурожаатлар асосида тузилган рўйхат бўйича 2 килограммдан гуруч, шакар, ун, пиёз, сабзи, макарон, 5 килограммдан картошка, 2 литрдан ўсимлик ёғи, тиббий ниқоблар, антисепик ҳамда дори-дармон воситалари тарқатилмоқда.

Маҳсулотлар вилоят транспорт бошқармаси томонидан ажратилган “Дамас” автомашиналарида манзилга етказиляпти.

-Нафақат ёрдам сўраб мурожаат қилинмоқда, балки ҳайрли ишга ҳисса қўшиш, айниқса ўз транспорт воситасида бепул етказиб бериш ниятидагилардан ҳам қўнғироқлар тушмоқда, - дейди волонтер Мансурбек Матисаев. – Дастлабки кунларда айрим техник сабабларга кўра телефон алоқасида узилишлар кузатилди. Ҳозир барча операторларимиз “1197” қисқа рақами орқали мурожаатларни қабул қилмоқдалар.

7 апрель ҳолатига 1833 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 336 нафарига ёрдам кўрсатилди. Энг кўп мурожаат Андижон шаҳридан (592 та), энг ози – Хонободдан (8 та) қайд этилди.

Маблағ ўтказмоқчи бўлганлар учун “Маҳалла” хайрия фондининг Миллий банк Андижон вилояти бўлимида ҳисоб рақами очилди. Унинг реквизитларини келтирамиз: 20212000900568395007. МФО: 00074. СТИР: 200231221.

С.Шукуров.

А.Қодиров.