ЖАМИЯТ

ЭҲТИЁТСИЗЛИК – КУЛФАТ КЕЛТИРАР!


06.12.2020   667

Ёнғинлар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар фуқароларниинг куйиши ва бошқа тан жароҳати олиши, хатто ҳалок бўлиши ҳамда кўплаб моддий зарар кўриши билан якун топмоқда. Ушбу ёнғинлар ва фавқулодда ҳолатларни келиб чиқиш омиллари ўрганилганида, кўп ҳолларда фуқароларнинг эътиборсизлиги сабабли эканлиги аниқланмоқда.

Ёнғин. Бу сўз оддий эшитилсада, кўпчиликни ваҳимага солади. Хўш, шундай экан, нега унинг содир бўлишини олдини олмаймиз? Нохушликка йўл қўймаслик ҳаммамизнинг ўз қўлимизда. Эътиборсизлигимиз туфайли яқинларимиз озор чекса, айтинг, ким ўзини кечира олади? Очиқ оловдан фойдаланишда эҳтиётсизлик, айрим ҳолларда эса ёш болаларни қаровсиз қолдирганимиз ёки бепарволигимиз (электр кабелларини эскириши) оқибатида ёнғин содир бўлиб, яқинларимиз тан-жароҳати олиб катта миқдорда моддий зарар кўришимизга сабаб бўлмоқда.

2020 йилнинг шу кунига қадар туман ўрамида 23 та ёнғин ҳодисалари содир бўлиб, 3 миллиард 122 миллион 851 сумдан ортиқ моддий зарар кўрилди. 7 сентябрь куни Чимбулоқ МФЙ Янги чек кўчасида яшовчи Тошатова яшаш хонодонида содир бўлган ёнғин натижасида 126 865 000 сўм зарар кўрган. Қўшнилари Шерматова ва Абдувосидовларнинг хонадонида ёнғинга қарши девор бўлмаганлиги туфайли ёнғин тарқалиб, бири 128 096 000 сўм иккинчиси 14 575 000 сўм моддий зарар кўрган. Ёнғиннинг умумий зарар миқдори 269 536 000 сўмни ташкил қилган. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, буларни олдини олиш мақсадида хавфсизлик қоидаларини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз.

- хонадонингизда носоз электр қурилма ва иситиш мосламаларидан асло фойдаланманг;

- кўмир ёқилғисидан фойдаланишда иситиш печларни созлиги, мўриконини тозаланганлигига алоҳида эътибор қаратинг;

- хонага ўрнатилган иситиш печлари мўриконини ўрнатишда хавфсизлик талабларига риоя қилиш ва мутахассис кўригидан ўтказиш;

- хонадонингизга ўтказилган электр симларини доимий назорат қилиб боринг, яроқсиз ва эскирган электр симларини олиб ташлаб, янгилаш чораларини кўринг;

- электр симларини ёнувчи материаллар орасидан, ёғочларга ўраб ҳамда том ичидан олиб ўтилишига йўл қўйманг;

- хонадонингизда электр тармоғига уланган телевизор, радио ва бошқаларни назоратсиз қолдирманг;

- маиший электр иситиш ускуналаридан ҳамда овқат тайёрлашга, чой қайнатишга ва хонани иситишга мослаштирилган қўлбола ясалган электр иситиш печларидан фойдаланманг;

- носоз бўлган (таъмирланмаган) ёки ўз жойидан чиқиб кетган розеткалардан, чироқ ўчиргичлари ва бошқа электр мосламалардан фойдаланманг;

- махсус ҳимоя қопқоқлари бўлмаган электр ёритгичлардан фойдаланманг;

- ёниқ ҳолда электр жиҳозларини назоратсиз қолдирманг (музлатгичлардан ташқари);

- ёниб турган иситиш печ ва бошқа қурилмалар устида кийим-бошларингизни қуритманг;

- табиий газ тармоқларини ёниқ ҳолда назоратсиз ташлаб қўйманг, резина шлангдан фойдаланманг;

- газ ҳидини сезсангиз электр қурилмаларни ёқиб юборманг, очиқ оловдан фойдаланманг! Дераза ва эшикларни очиб, хонани шамоллатинг! Дарҳол «104» газ хизматига хабар беринг;

- ёш болаларни табиий газни ёқишларини буюрманг, гугурт ўйнамасликларини олдини олинг ва уларни қаровсиз колдирманг;

- уйингизни том қисмига хас-ҳашакларни босиб қўйманг, қўрғонда хас-ҳашакларни ёқиб, назоратсиз ташлаб қўйманг;

- Ёнғин рўй берганда 101 га хабар бериш, ёнаётган жисмларни ўчириш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш чораларини кўринг!
Агар тутун хонага тўпланиб қолган бўлса унда имкони борича полга яқин жойларни эгаллашингиз лозим. Чунки, бу ерда ҳамиша тоза ҳаво бор, намланган даст рўмолча ёки сочиқ билан оғиз ва бурнингизни ёпиб нафас олинг. Имкони борича дераза олдига туриб олинг, чунки ёнғин - қутқарув ходимлари Сизни хонада эканлигингизга ишонч ҳосил қилишлари керак.


Ф.БОБОЕВ,

Хўжаобод тумани ФВБ ФВДТ ва ФМ бўлинмаси бошлиғи лейтенант.