Андижон 24

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ЖАЗИРАМА!


31.05.2019   4811

Юртимизда ҳаво ҳарорати ортиб, иссиқ кунлар бошланмоқда. Бундай кунларда саломатлигимизга зиён етмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Бу хусусда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.

Ҳаммаси бошдан бошланади. Жазираманинг кунларида, аввало, бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, офтоб уришига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиши эҳтимоли бор.

Чанқоқни қондириш учун...Табиийки, иссиқ кунлари кўп миқдорда сув ичиш организм фаолиятини яхши ишлашга ва сув-туз балансини меъёрлаштиришга ёрдам беради. Аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Шунингдек, иссиқ кунда ёғли гўшт маҳсулотлар истеъмолини камайтириб, енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, мева ва сабзавотлар ҳам организмда яхши сингиб, ички аъзолар фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради.

Иссиқ кунларида хиёбон ва кўча ён атрофларида қўлбола усулларда тайёрланиб, истеъмол учун чиқарилган турли шарбат, айрон, гўжа ҳамда шу турдаги маҳсулотларни харид қилмаган маъқул. Боиси кун давомида қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқлилик белгиси мавжуд бўлмаган бу турдаги маҳсулотлар саломатлик учун ўта хавфли бўлиб, турли нохуш вазиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Кийинишда гап кўп .Ёз кунлари табиий матодан тикилган, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган ҳамда кенг тикилган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим кийиб юриш ҳам мақсадга мувофиқ.

Қуёш фаоллашган паллада... Маълумки, қуёш нури 12.00 дан 16.00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқмаган маъқул. Аммо вазият келиб чиқиб, шу вақт оралиғида ташқарига чиқиш тўғри келса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан сақлашга ҳаракат қилиш зарур.