ЖАМИЯТ

ЭҲТИРОМ ТАДБИРБОЗЛИККА АЙЛАНМАСИН


19.12.2018   1362

Мамлакатимиз рамзларидан бири бўлган байроқ бизни поклик, ҳалоллик, мардликка чорловчи маёқдир. Унда халқимизга хос фазилатлар, унинг узоқ ўтмиши, бугуни ва эртаси ифодасини топган. Байроғимизнинг мағрур ҳилпираши инсонга тетиклик, ғурур бахш этади.

Педагоглар олдидаги вазифалардан бири ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтириш, рамзларимиз ҳақидаги билим ва тушунчаларни кенгайтириш, ҳурмат-эътиборни шакллантиришга ҳисса қўшишдан иборатдир. Андижон шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактабимизда ташкил этилаётган дарслар, маънавий-маърифий тадбирларда давлатимиз рамзлари ҳақида кенг тушунчалар беришга ҳаракат қиламиз. Ўқувчиларни изланишга, мавзуга доир янгиликларни топишга, ўз фикрларини эркин ифодалашга ундаймиз.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, турли хил тадбирларни сана атрофида эмас, доимий ўтказиб бориш кўпроқ натижа беради. Сана яқинлашган сари дўмбиранинг овозини баландлатиб, кейин бир йилгача жимиб қолиши ёшлар, ҳатто катталарда ҳам бу тадбирбозликдан ўзга нарса эмасдек таассурот қолдириб, қилинган ҳаракатларнинг самарасиз кетишига сабаб бўлади.

Таълим-тарбия даргоҳлари, корхона, ташкилотларда тонгда мадҳия жўрлигида байроғимизни кўтариш маросимининг ташкил этилаётгани энг хайрли ташаббуслардан бири бўлди. Мактабгача таълим муассасасидан шаклланадиган бу кўникма мурғак қалбларнинг ёдида умрбод сақланади. Мустақил юрт байроғининг муқаддас эканлигини англайди. Қалбида ватанпарварлик, рамзларимиз ва мадҳияга бўлган эҳтиром юксалади. Шу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш керак.

Наргизахон МАДРАҲИМОВА.