Жамият

Эфирда «Андижон» радиоси


27.12.2017   174

Ҳар куни эрта тонгдан то оқшомга қадар 101,6 тўлқинлари орқали бутун водий бўйлаб жаранг сочувчи “Андижон” радиоси озми кўпми ўзининг тингловчиларига эга.

Моҳир журналист, “Олтин қалам” халқаро мукофоти соҳибаси Феруза Сиддиқова бошчилигидаги Сардор Отажонов, Моҳигул Отамирзаева, Гулмира Болтабоева, Бахтиёр Мавлонов, Ашурали Маматов, Сарварбек Саттаров ва бошқа журналистлардан ташкил топган ижодий гуруҳ ҳамиша изланишда. Шу сабабли ҳам улар томонидан тайёрланаётган “Ассалом, Андижон!”, “Бугуннинг гапи”, “Халқ билан юзма-юз”, “Замондош”, “Радиоҳикоя”, “Унитилмас оҳанглар”, “Ретро тақдим”, “Мафтункор диёр”, “Эҳтиром” ва шу каби яна ўнлаб дастурлар ўзининг ранг баранглиги, кўнгилга яқинлиги билан ажралиб туради. Муҳлислар ҳар бир эшиттиришни интиқлиқ билан кутадилар.

Аҳил жамоа ҳар бир байрамга ўзгача тайёргарлик кўради. Янгиликлар қилишга интилади. Шу кунларда радиостудияга ташриф буюрсангиз қайноқ иш жараёнига гувоҳи бўласиз.

- Тингловчиларимизга ўзгача кайфият бағишлаш, улар билан Янги йилни яхши кайфиятда кутиб олиш биз журналистларнинг вазифамиз, - дейди радио муҳаррири Ферузахон Сиддиқова. – Байрам кунлари мухлисларга кутилмаган янги лойиҳаларни тақдим этиш ниятидамиз. Шу билан бирга президентимиз фармони асосида тақдирланган юртдошларимиз, халқаро кўрик-танлов ва мусобқаларда ғолиб бўлган ёшларимиз, эстрада ва кино санъати вакиллари билан суҳбатлар ташкил этилади. Вилоятимизда амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг муносабатлари бериб борилади. Шунингдек, радиовикториналар орқали ҳар бир юртдошимиз ўз яқинларига табрик йўллаш имкониятига эга. Ўйлаймиз-ки, Янги йил дастурларимиз барчага бирдек манзур бўлади.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.

Муаллиф олган сурат.