Андижон 24

Дўстлик ришталари: БОТКЕН СЕМИНАРИ – ЭЗГУЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


10.07.2018   1585

Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида DW Akademie томонидан оммавий ахборот воситаларида чегараолди мавзуларини ёритишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистлари, медиа экспертлар иштирок этдилар. Уч кун давом этган анжуманда «Андижоннома» газетаси фотомухбири ва auz.uz веб-сайти администратори Рустамжон Эшонов ҳам қатнашиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтди. У билан суҳбатимиз шу хусусида бўлди.

- Ўтказилган семинарнинг мақсади ва ташкилотчилари ҳақида гапириб берсангиз.

- Ушбу семинар 2014 йилдан буён Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг журналистлари ўртасида ҳар йили икки-уч маротабадан ўтказиб келинмоқда. Бу йилги анжуманга Ўзбекистондан мен ва газетамизнинг бўлим мудири Муроджон Тўхтаназаров таклиф этилдик. Семинарда Боткен вилоятининг Тожикистон билан айрим чегара ҳудудларида фуқаролар ўртасида ер, сув масаласида баҳслар бўлиб, жанжалларга, охир-оқибат кимларнингдир жабр кўришига сабаб бўлаётгани маълум қилинди. Германиянинг DW Akademie маркази ҳар икки давлат журналистлари масалани холис ёритиб, ҳукумат раҳбарларини чегаралар бўйича тезроқ келишувга эришишига чақириш, аҳоли орасида тарқаладиган турли миш-мишларнинг олдини олиш, ёлғон, ғулғула қўзғовчи хабарларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини сақлаб қолишга кўмаклашишдан иборат бўлган лойиҳани йўлга қўйган. Аввал ўтказилган семинарлар давомида кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, уларнинг натижалари муаммони ижобий ҳал этиш томон етакламоқда.

- Семинар давомида нималар ўрганилди?

- Семинарда Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг чегара ҳудудларидаги туман ва вилоятларида фаолият кўрсатадиган газета, телевидение, интернет сайтларининг 15 нафарга яқин мухбири иштирок этди. Шунингдек, халқаро ахборот агентликларининг қирғизистондаги мухбирлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, хукумат вакиллари қатнашди. Биринчи куни олдинги семинарда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, фуқаролар ўртасида олиб борилган сўровномалар ва тадқиқотларнинг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида чегараолди муаммоларининг ёритилиши бўйича йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама этилди. Иккинчи куни иштирокчилар билан баҳсли ҳудудларга борилди. У ерда маҳаллий аҳолининг фикрлари эшитилди ва муаммолар ўрганилди, ёзилган мақолалар тақдимоти ўтказилди. Мутахассислар ва бошқа иштирокчилар масалани холис ёритиш бўйича таклиф ва тавсияларини беришди. Охирги куни тоғ бағрига саёҳат уюштирилди. Унда Қирғизистон ҳамда Тожикистондаги чегара туманлари ҳокимликлари, Германиянинг Қирғизистондаги элчихонаси вакиллари, ташкилотчилар, санъаткорлар қатнашдилар. Журналистлар ўртасида ош танлови, мусиқий чиқишлар ташкил этилди. Биз ҳам андижонча палов билан қардошларимизни меҳмон қилдик. Тадбирда сўзга чиққанлар ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик, семинар мақсади, эришилган натижалар ҳақида гапирдилар. Тоғ бағрида ташкил этилган туристик манзилларга саёҳат қилинди.

- Боткен сафарида кўплаб дўстлар орттирганингиздан биз ҳам ҳурсандмиз...

- Ўзбекистондан вакил бўлиб қатнашиб, ҳамкасбларимиз, семинар ташкилотчилари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, оддий фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлдик. Бишкекдан келган экспертлардан бири “Ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида тасаввурга эга эмас эдим. Бугун сизлар билан бир даврада ўтириб, дунёқарашимиз, урф-одатларимиз, юриш-туришимиз ўхшаш эканлигини кўрдим”, деб фикр билдирди. Шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлардан мамнун эканликлари, давлатлар ўртасида ўзаро иқтисодий, маданий алоқаларнинг ривожланаётганида Юртбошимизнинг кенг қамровли фаолияти алоҳида эътироф этилди. Қирғиз, тожик ҳамкасбларимиз тор чертиб, ўзбек мумтоз қўшиқлари, миллий лапарларимизни ижро этганида барча ўйинга тушиб, шод бўлганини кўриб, янада яйраб кетдик.

Ж. Содиқжонов суҳбатлашди.