Андижон 24

Душанбеда олий даражадаги музокаралар бошланди


09.03.2018   1230

Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди.

Ўзбекистон Президенти таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат халқи ушбу учрашувни узоқ кутганини қайд этди.

Давлат раҳбарларининг ўтган йили бўлиб ўтган учрашувлари сиёсий ишонч даражасини ошириб, Ўзбекистон—Тожикистон ҳамкорлигига янги суръат бағишлади.

2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бу охирги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми, хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 маротабадан ортиқ кўпайди.

Ўтган йили Ўзбекистон—Тожикистон пойтахтлари ўртасидаги авиаташувлар, темир йўл қатнови қайта тикланди. Самарқанд—Панжикент оралиғида А-377 халқаро автомобиль йўли очилди. Ўзбекистон—Тожикистон давлат чегарасида ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди.

Икки мамлакат ҳукуматларига ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилиш масалаларини ўрганиш топширилди. Фойдаланилмаётган захираларни ишга солиш бўйича таклифлар ўртага ташланди, турли қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, бугунги таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш масалалари кўриб чиқилди.