Хорижда

ДУНЁДАГИ ЭНГ ТЕЗКОР MERCEDES-BENZ’ЛАРДАН БИРИ СОТУВГА ҚЎЙИЛДИ (ФОТО)


23.08.2020   6153

Британиядаги Hexagon Classics дилерлик компанияси Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган дунёдаги энг тезкор седанни сотувга қўйди. Гап 10 нусхада яратилган Brabus E V12 ҳақида кетмоқда. Ҳозирча ушбу автомобиль 149 500 фунтга баҳоланган, деб хабар беради Motor.

Мутахассислар тўртинчи авлод Mercedes-Benz седанини дунёдаги энг тезкор ва кучли автомобилдан бирига айлантирган. Тўрт эшикли машина капоти остидан 800 от кучи ва 1420 Нм айланувчи моментга эга 6,3 литрли V12 турбокомпрессори ўрин олган. Тортиш кучи орқа ўққа кучайтирилган беш поғонали автоматик трансмиссия орқали узатилади.

W211 седани базасида яратилган Brabus E V12 прототипларидан бири Нардо ҳалқасида рекорд даражадаги тезликка — соатига 365,7 километрга эришган. Товар версияси учун модель паспортига максимал тезлик 370 км/соат кўрсатилган.

Шу билан бирга, E V12 соатига 100 километр тезликка 3,7 сонияда, 200 километр тезликка эса 9,9 сонияда эришади. Нолдан 300 километр тезликкача бўлган машқни седан 23,9 сонияда бажарган.

E-Class’га углепластикдан ишланган аэродинамик тўсгичлар, 19 дюймли Monoblock Q ғилдирак дискалари ўрнатилган.

Brabus E V12 моделидан 10 нусха яратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири салкам ярим миллион евро туради. Сотувга қўйилган модель эса ҳозирга қадар 6599 километр йўл босгани сабаб уч баробар арзонга баҳоланмоқда — 149 500 фунт.

Манба: daryo.uz