ЖАМИЯТ

ДУНЁДАГИ ЭНГ СИРЛИ МОДДА


25.06.2019   1517

Ер юзидаги энг сирли суюқлик сувдир. Қадимги халқларнинг оқин ва бахшилари азалдан уни мадҳ этишган, шоирлар эса унга атаб ажойиб сатрларни битишган. Олимлар эса юз йиллар аввалгидек ҳозир ҳам оддийгина “Сув нима ўзи,” деган саволга аниқ жавоб топишолмаяпти.

Сув Ер юзида энг кўп тарқалган минералдир. Ердаги мавжуд барча сув захиралари 1,4 миллиард куб километрни ташкил этади, бу, тахминан 1400000000000000000 тоннага тўғри келади. Ҳар бир кишига ўртача 1,4 куб километр ёки 250 миллион тонна сув тўғри келади. Бироқ, инсон ва бошқа тирик мавжудотлар истеъмол қиладиган сув сайёрамизда жуда ҳам кўп эмас. Негаки, сайёрамизда 30 миллион куб километр чучук сув мавжуд, холос.

***

Сайёрамизнинг ҳам ўз қон томир тизими мавжуд. Ернинг қони – бу, сув, қон томирлари эса дарёлар, сойлар, ирмоқлар ва кўллардир. Яқинда олимлар дарё тармоқлари тузилиши инсон қон томир тизими тузилишига ўхшашини аниқлашди. Айнан сув тупроқдан ўсимликка, ўсимликдан атмосферага ўтиб, дарёлаб бўйлаб, материклар орқали океанларга оқиб бориб ва ҳаво оқимлари орқали яна уларга қайтаркан, табиатнинг турли таркибий қисмларини бир-бирлари билан бирлаштириб, уларни ягона географик тизимга айлантиради.

Сув табиатнинг бир таркибий қисмидан бошқасига шунчаки ўтмайди. Қон сингари у ҳам ўзи билан улкан миқдордаги кимёвий моддаларни ташийди. Уларни тупроқдан ўсимликка, қуруқликдан кўл ва океанларга, атмосферадан яна ерга етказиб беради. Барча ўсимликлар тупроқдаги озуқа моддаларни фақат эритилган ҳолда сув билан истеъмол қилади.

Куррамиздаги иқлим сувнинг жуда катта иссиқлик сиғими, яъни иссиқликни бериш ва тўплаш лаёқатига боғлиқ. Сув секин қизийди, аммо иссиқликни узоқ муддат сақлай олади. Дунё океанлари континент учун ўзига хос иссиқликни ушлаб турадиган мосламага ўхшайди.

СУВНИНГ ХОТИРАСИ БОР!

Табиат сувга ҳаётни рағбатлантириши учун алоҳида хусусиятлар ато этган. Олимларнинг фикрига кўра, сувнинг ҳар қандай ҳажми битта молекула экан. Шундай экан, пиёладаги сув ҳам, Тинч океанидаги сув ҳам битта, ягона молекула. Эҳтимол, оби ҳаётнинг энг нодир хусусияти – ахборот таший олиши ана шу яхлитлик билан боғлиқдир? Нима бўлганидаям, бу бағоят ажабтовур хислат: сув қандай ахборот бўлса, эслаб қолади. Ҳа, унинг хотираси бор!

Швейцариялик олимлар буни тасдиқловчи ҳайратомуз тажриба ўтказишди. Улар Женева кўлининг қирғоқ сувида бир нечта туз заррачаларини эритишди. Сўнг нариги қирғоқда ускуналар ёрдамида текширув ўтказишди ва… туз эмас, туз ҳақидаги хотира маълумотини қайд этишди. Қирғоқдаги тузнинг ўзини аниқлашга ускуналарнинг сезувчанлиги етишмаган бўларди. Аммо кўл ҳавзасидаги улкан молекула ушбу хотирани қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолган.

Биологларнинг аниқлашича, сув тирик организмларни нафақат суғоради, балки улар бўйлаб ахборот ташийди. Айнан сув воситасида тирик жисм органлари бир-бирининг ҳолатидан бохабар бўлиб, қандай функциялар зарурлигини билиб туришади. Сув бу ахборотларни қаердан олиши тўғрисида эса фақат тахминлар қилиш мумкин. Умуман олганда эса, унинг аслида нима эканлигини одамзот ҳали тўлиқ англай олгани йўқ.

***

ХХ аср охирига келиб, сувнинг хотираси мавжудлиги ҳақидаги фаразлар ҳақиқатга айлана борди. Бу борада тадқиқотлар олиб борган олимларнинг барчаси якдил фикрга келишди: сув ўзи билан рўй берадиган ҳамма нарсани эслаб қолади; у товушлар, ҳис-туйғулар, тебранишлар, электромагнит майдонлари ва ҳоказоларни эшитади ҳамда қабул қилади.

Дарҳақиқат, сув инсон организмида энг асосий ахборот ташувчи ҳисобланади. Фикрларингиз сифати, тушуниб-тушунмай қилган ҳар бир ишингиз Сиз ҳар куни ичадиган сувга ёзилган “дастур”га кўп томонлама боғлиқ.

БИЛАСИЗМИ?

Сувни бежиз ҳаёт манбаи, дейишмайди. Бизнинг ҳар бир кунимиз у билан боғлиқ.

Сут эмизувчилар организмида 70 %, балиқлар организмида 80 %, сув ўтларида 90 %, инсон организмида 60-65 % сув мавжуд.

Одам танасидаги қон 90 %, тўқималар 75 %, суяк 28 %, буйрак 82 %, кўз шишасимон моддаси 99 % сувдан иборат.

Бир киши шунчаки қўл ювиш учунгина 5 литр сув ишлатади.

Душ қабул қилиш учун камида 20 дан 120 литргача сув сарф бўлади.

Ванна қабул қилиш учун эса 150-200 литр керак.

Машинада бир марта кир ювиш учун 50-120 литр сув зарур.

1 килограмм гурунчни пишириш учун 5-6 литр сув сарфланади.

Одам чанқоғини қондириш учун бир кунда 2,5 литр сув ичади.

Йил давомида бир кишига ўртача 110 – 150 куб метр сув даркор.

1 тоннабуғдой олиш учун мавсум мобайнида 1500 тоннасув сарфланади.

1 тоннашоли учун эса 7000 тоннасув керак.

Битта география дарслигини тайёрлаш учун 1 куб метр сув зарур бўлади.

Тасаввур қилиб кўринг-а:

-1 тоннасинтетик модда олиш учун — 140000 литр;

-1 литрбензин олиш учун—70 литр;

-1 та автомобиль ишлаб чиқариш учун —35000 литр;

-1 та автомобилни ювиш учун — 190 литр;

-1 тонна қоғоз олиш учун — 54000 литр;

-битта велосипед тайёрлаш учун —130 литр;

-1 литр сут олиш учун— 2,5-5 литр сув керак бўлади.

ЙЎЛДОШАЛИ ЭГАМОВ,

АДТИ профессори.