ЖАМИЯТ

ДУНЁДАГИ ЭНГ ҚАДИМИЙ 14 МАСЖИД ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ? (ФОТО)


28.07.2019   2744

«Azon.uz» дунёдаги энг қадимий 14 масжиднинг қурилиш тарихи ва улар ким томонидан қачон бунёд этилгани ҳақида қисқача маълумот берди.

«Масжид ул-Ҳаром»

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан ҳамда мусулмонлар ибодат қилишлари учун барпо этилган илк масжиддир. Мазкур масжидда қон тўкиш ва бошқа гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.

«Масжид ул Ақсо»

«Узоқдаги масжид» маъносини англатувчи мазкур жоме Қуддуси шарифда, Сулаймон алайҳиссалом томонларидан қурилган. Исломдан илгари араблар, кейин мусулмонлар унга қибла сифатида юзланиб ибодат қилишган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Қуръони карим ҳукми билан мусулмонлар қибла сифатида Маккадаги Каъбага қараб намоз ўқий бошлашган.

«Қубо» масжиди

Ислом тарихида илк қурилган масжид.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар. Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган. Жомеда Усмонийлар ҳукмронлиги томонидан бир қанча таъмирлаш ишлари олиб борилди.

«Масжидун Набавий»

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. .

Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.

«Қиблатайн» масжиди

Ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари, душанба куни эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди.

Янги қибла томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида «Масжидул Қиблатайн» деган ном олди.

«Чираман жума» жоме масжиди (Ҳиндистон)

Ҳижрий 629 йил Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу Ҳиндистонга келган илк мусулмонлардан ҳисобланади.

«Хуайшен» жоме масжиди (Хитой)

Ҳижрий 630 йил Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонларидан бунёд этилган. 1695 йил қайта қурилган.

«Куфа» жоме масжиди (Ироқ)

VII асрда қурилган. 2010 йил қайта таъмирланган.

«Уқба» жоме масжиди (Тунис)

«Қайруан» жоме масжиди номи билан ҳам машҳур. Таҳминан ҳижрий 670 йили Уқба ибн Нафий розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Масжиднинг минораси бугунги кунгача етиб келган дунёдаги энг қадимий миноралардан ҳисобланади.

«Ҳалаб» жоме масжиди (Сурия)

Умавийлар ҳукмронлиги даврида VIII асрда бунёд этилган. 2003 йил масжид ҳовлиси ва минораси таъмирланган.

«Умавийлар» жоме масжиди (Сурия)

Ҳижрий 715 йил қурилган.

«Зайтуна» жоме масжиди (Тунис)

Ҳижрий 731 йил барпо этилган. Мазкур жоме ҳузурида энг қадимий Ислом университетларидан бири ҳам жойлашган. Олийгоҳда дунёнинг турли бурчакларидан талабалар келиб таҳсил олишган.

«Сина» жоме масжиди (Хитой)

Ҳижрий 742 йил қурилган. Масжид Хитой меъморчилиги асосида қад кўтарган. Бир неча марта қайта таъмирланган.

«Жума» жоме масжиди (Озарбайжон)

Ҳижрий 743 йил Абу Муслим раҳматуллоҳи алайҳ томонидан бунёд этилган.

Манба: daryo.uz