Андижон 24

ДЎНГҚИШЛОҚДА ҚЎНИМ ТОПГАН «ОТЛАР ҚИРОЛИ»


22.09.2019   3375

Андижон вилоятининг Андижон туманида “HORSE KING” йилқичилик ва от спорти клуби очилди. Мазкур йўналишда Тошкент ва Фарғона шаҳарларида фаолият кўрсатаётган клублардан сўнг у республикамиздаги учинчи клуб бўлди.

Замонавий мажмуа Храбек қишлоғи ўрамидан ажратиб берилган 12 гектар майдонда жойлашган. Шундан 5 гектари бино ва спорт иншоотлари бўлса, 7 гектарида озуқа базаси учун беда етиштирилади.

Германиялик мутахассислар ёрдамида энг сўнгги технологиялар асосида барпо этилган клубда барча шароитлар яратилган. Жумладан, от спортининг конкур тури ва кўргазмали чиқишлар бўйича халқаро мусобақалар ўтказишга мўлжалланган манеж. Унинг сатҳи тўрт қопламали бўлиб, геотўр ётқизилган, дренаж тизими мавжуд. Чигалёзди машқлари учун махсус майдон ҳам кўзда тутилган. 150 ўринли трибуналар қурилган. Мусобақанинг нуфузли меҳмонларини кутиб олиш ва бевосита клуб базасида жойлаштириш имкони мавжуд.

-Йигирмадан ортиқ зотдор отлар олиб келинди. Айғир ва биялар алоҳида секцияларга ажратилган махсус хоналарда сақланади, - дейди клуб мутасаддиси Баҳромжон Мадраҳимов. - Отлар учун чўмилиш хавзаси ва солярий қурилган. Мусобақаларга тайёргарлик жараёнида отлар ушбу бассейнда сузиб, машқ қиладилар. Солярийда эса тўрт туёқлилар ультрабинафша нурлари остида D витаминига тўйинади. Клубимизда спорт мураббийлари ва инструкторлар фаолият олиб боришмоқда.

Йигирмата иш ўрни яратилган бўлса, саккиз нафар ишчи-ходим Храбекнинг Дўнгқишлоқ маҳалласидан.

Клубнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов иштирок этиб, мазкур иншоот вилоятимизда олимпия турларига кирувчи от спортини ривожлантиришга ҳисса қўшишига умид билдирди. Тантанали маросим от спорти бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатига уланиб кетди.

«auz.uz» online гуруҳи.