Андижон 24

«ДОЛЗАРБ 20 КУНЛИК»: НИМАЛАР АЁН, НИМАЛАР БАЁН БЎЛДИ?


04.11.2019   6035

Кузнинг сўнгги ойи бошланиб, об-ҳавода ҳам кескин ўзгаришлар кузатила бошлади. Изғиринли шамол, борлиқни қоплаган қора булутлар куз-қиш мавсумининг бошланганидан дарак бермоқда. Аммо айрим ҳудудларлардаги кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳали ҳам мавсумга тўлиқ тайёр эмаслиги ачинарли, албатта. Ваҳоланки, бундан уч ой аввал, яъни жорий йилнинг 30 июль куни Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Унга мувофиқ, турар жойлар, ижтимоий соҳа муассасасалари ва корхоналарни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхона ва тармоқларни таъмирлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Ҳудудлар 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига қай даражада тайёргарлик кўрди? Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати қандай?

Шаҳар ва туманларда айни масалаларга бағишланган йиғилишлар ўтказилди.

Унда вилояти ҳокими томонидан жорий йилнинг 6 октябрь куни мавсумга тайёргарлик бўйича эълон қилинган “Долзарб 20 кунлик” доирасида махсус ишчи гуруҳлари томонидан олиб борилган ишлар ҳисоботи тингланди. Шунингдек, мутасаддилар томонидан ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти ва ичимлик суви тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, “Долзарб 20 кунлик” доирасида ишчи гуруҳ томонидан мавжуд 1 минг 623 та кўп қаватли уйнинг барчаси хатловдан ўтказилган.

Ўрганиш давомида уйларнинг тўқсонтасида том қисмлари, тўқсон саккизтасининг кириш йўлаклари таъмирталаблиги, шунингдек, аксарият уйларнинг темир эшиклар, кириш йўлакларига ёритиш чироқлари, уйнинг фрамугаларига ойна ўрнатиш, ертўлаларини тозалаш ва дезинфекция қилиш, ташқи хожатхона ва тандирхона қуриш зарурлиги, ичимлик сув ва оқава таъминоти қониқарсизлиги, табиий газ таъминоти етказиб беришда муаммолар мавжудлиги, уйларнинг электр тизимлари таъмирталаблиги аниқланган.

Ишчи гурух томонидан ўрганиш билан бирга аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ишлари ҳам амалга оширилган. Жумладан, ўттиз тўртта уйнинг том қисмлари чакки ўтиш ҳолатлари бартараф этилган бўлса, кириш йўлакларига беш юз иккита ёритиш чироқлари, тўрт юз қирқта уйнинг фрамугаларига ойна ўрнатилди. Саксон тўққизта уйнинг ертўлалари тозаланиб, дезинфекция қилинди. Тўқсонта уйнинг оқава тармоқлари таъмирланди. Бир юз ўттиз саккизта уйларга табий газ таъминоти етказиб беришдаги муаммолар ҳал этилди. Уч юз ўттиз бешта уйнинг электр тизимлари тартибга келтирилди. Аҳоли учун саккизта ташқи хожатхона фойдаланишга топширилиб, учта тандирхонани қуриш ишлари якунланди. Шунингдек, бешта болалар майдончаси қуриб фойдаланишга топширилди.

Йиғилишларда вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларини ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлиги бўйича ҳам қилинаётган ишлар таҳлил қилиниб, қурувчиларга ёмғир-сочинли кунларга қолмасдан ишни якунлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишларда қайд этилган камчилик ва муаммоларни жорий йилнинг 10 ноябрига қадар бартараф этиш топшириқлари берилди.

Рустамжон ЭШОНОВ,

Муаллиф олган суратлар.