ЖАМИЯТ

Диний соҳада амалга оширилаётган ишлар қандай натижа ва самаралар беряпти?


14.04.2018   1404

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Ўзбекистон – диний маърифат ва қадриятлар юрти» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу саволга мутасаддилар атрофлича жавоб қайтаришди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний-илмий марказлар раҳбарлари, имом-хатиблар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида диёримиздаги табаррук қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, уларнинг мусулмон оламида нуфузини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, чуқур тадқиқ этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида талай ишлар қилиняпти, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов. – Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Муҳаммад” масжиди, Хоразм вилоятида “Охун бобо” масжиди реконструкция қилиниб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Қашқадарё вилоятидаги “Абу Муин Насафий” мажмуаси тубдан янгиланяпти. Республика Қуръони карим мусобақасининг туман (шаҳар), вилоят босқичлари юқори савияда ўтказилди.

“Жаҳолатга қарши маърифат билан”. Ана шу эзгу тамойил юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош ғоясига айланган, десак асло муболаға бўлмайди. Ёшларни турли оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш, уларнинг онгу шуурига аждодларимизнинг бой маънавий меросини сингдириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.

– Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бобомиз: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деганлар, – дейди Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров. – Дарҳақиқат, шундай. Космосга учиш учун ғам, уммонлар тубига шўнғиш учун ҳам илм керак. Бугун юртимизда диний таълим тизимидаги ўзгаришларга бевосита гувоҳ сифатида айта оламанки, диёримиздан яна Имом Бухорийлар, Бурҳониддин Марғинонийлар, Насафийлар, Термизийлар етишиб чиқади. Чунончи, Ақида, Ҳадис, Ислом фиқҳи, Калом илми ва Тасаввуф илмий мактаблари фаолият бошлагани ҳам фикримизни қўллаб-қувватлайди.

Анжуманда юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган эзгу ишлардан кўзланган пировард мақсад диний-маънавий меросга садоқатни мустаҳкамлаш, шу орқали юртдошларимиз, хусусан, ёшлар ўртасида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик туйғуларини шакллантириш, уларни миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш ҳамда маърифий исломнинг асл қадриятларини кенг ёйишдан иборатдир.

Тадбирда «Динимизга эътибор – юксак маънавиятга эришишдаги муҳим омил», «Ислом цивилизация маркази ташкил этилишининг мақсад ва вазифалари», «Диний таълим соҳасининг ривожи жаҳолатга қарши курашнинг ягона йўлидир», «Имом Бухорий халқаро Имом Бухорий халқаро маркази олдида турган долзарб масалалар», «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари ҳамда истиқболдаги режалари» каби мавзуларда маърузалар тингланади.

Матбуот анжумани ниҳоясида диний соҳа мутасаддилари тадбир иштирокчиларининг саволларига атрофлича жавоб қайтаришди.

Толибжон Низомов.

UZA.UZ сайтидан олинди.