Андижон 24

Дилноза КУБАЕВА: МУХЛИСЛАРИМИЗНИНГ АСОСИЙ ҚИСМИ – АНДИЖОНЛИКЛАР!


04.05.2019   1739

Андижон вилояти театри анча йиллардан бери томошабинлар билан бунчалар гавжум бўлмаган эди. Ўзбек Миллий академик драма театри томонидан вилоятимизга уюштирилган тўрт кунлик гастрольсафари халқимизнинг саҳна санъатига иштиёқи баланд эканлигини кўрсатиб қўйди. Жой етмагани учун спектакль кўришдан бебаҳра қолган томошабинлар эътирозларини ҳам эшитдик. Таниқли актриса, намойиш этилган "Андишали келинчак" спектаклидаги бош қаҳрамон ижрочиси Дилноза Кубаева билан суҳбатимиз аввалида у айни шу масалага муносабат билдирди.

Театрларнинг режасини бажаришда андижонлик томошабинларнинг ҳиссаси катта, дейди Дилноза Кубаева. Андижонга келиб спектакль намойиш этмасак ҳам, уларнинг ўзи Тошкентга Миллий академик театрга боришади. Деярли ҳар гал спектаклдан сўнг дарвоза олдида андижонлик икки-уч мухлисга дуч келаман. Бу водий ҳалқининг санъатга бўлган юксак иштиёқидан далолат.

Андижонда "Андишали келинчак" спектаклида биринчи марта роль ўйнаяпман. Тўрт кундирки, одамлардан "Кўпроқ қўйинглар", деган таклифлар тушди. Қанийди, менга қолса, ўн кунлаб намойиш этсак. Эътиборли томошабин, олқишлар, кулги, гулдасталар учун ҳар қанча қўйсак арзийди.

– Кўпчилик учун қизиқ: фамилиянгиз нега Кубаева?

Бу саволга жавоб беришдан чарчамайман ҳеч. Катта отамизнинг исми Кўпайсин бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага "Кубаева" деб ёзилган. Кейинчалик ўзгартирмадик. Аслида, Кўпайсинова ёки Кўпаева бўлиши керак.

– Устозингиз Мунаввара Абдуллаева кўпроқ сизга "бино қўяди", маънавий қўллаб-қувватлайди...

Устозларим ичида энг қаттиққўли ҳам Мунаввара опа бўладилар. Институтга кираётганда, ижодий имтиҳонга бошқа абитуриентлар сингари Гули ёки Офелия монологини эмас, Орифхон Одилхонов қаламига мансуб "Қуриб бораётган Орол денгизи" монологини тайёрлаб борганлигим эътиборига тушган экан.

У кучли психолог - ёлғон гапирган талабани дарҳол пайқарди. Ёлғондан нафратланади, ростгўй, меҳнаткаш инсонларни қадрлайди. Ҳалолликка, айниқса, қизларни ўзбекона ҳаё-ибони йўқотмасликка чақирарди. Талабалик йилларимизда маҳорат дарсларида этюд ёки адабий парчалар қўйсак, аввало, ҳар бир курсдошимиздан фикр сўрарди. Ижромизга энг охири ўзи муносабат билдирарди. Эркин, равон сўзлашга, фикримизни очиқ-ойдин ифодалашга, мулоҳаза қилишга, актёр сифатида монолог, кинофильм, адабий асарларни таҳлил қилишга ўргатган. Бу сабоқлар бугун ҳар қадамда асқотяпти.

– Қаҳрамонларингиз асосан қийинчиликларни матонат билан енгадиган, иродали инсонлар. Фильмдаги ролларингиз ҳаётда қай даражада ёрдам беради?

Режиссёрлар менда ўша қаҳрамонлар қиёфасини кўрса керак-да. Ўзимизнинг ҳам суягимиз сабрда, меҳнатда қотган, қийинчиликларни кўп кўрганмиз. Шу жиҳатлар инсоннинг юз-кўзида қолмайди, дейсизми?

Ролларим ўзимни ҳам ўйлантиради, куч беради, тарбиялайди, иродамни тоблайди.

– Сиз билан етти йил аввалги суҳбатимизда "ишонувчанлигим ҳаётда кўп панд беради", деган эдингиз. Шу фикрингиз ўзгардими?

Ишонувчанлигим деб яққол айтолмайману, ҳозир кўп панд бераётган жиҳат ҳаётда артист эмаслигим. Баъзан нишонга, "ўққа" ўзимни тутиб бераман. Атрофда ҳамма ҳам мард эмас, ғаламислар, сизни кўролмайдиганлар, гап билан юрагингизни нимта-нимта қиладиган ҳамкасблар маданият соҳасидаги маданиятсизлар учрайди. Бундай вазиятларда сабримни синайман, маданият билан қарши туришга ҳаракат қиламан.

– Нима деб ўйлайсиз: ўзбек фильмлари ҳам қачондир дунё саҳнасига чиқа оладими?

Чиқади! Ҳозир кино соҳасида тушунарсиз давр, ўтиш палласи. Маънавий етук режиссёрлар бармоқ билан санарли. Касбига эътиқодсиз режиссёрларни саралаш керак. Кўп ижодкорларда негадир олов сўниб қолган.

Президентимиз адабиёт, маданият ва санъат вакиллари билан учрашувда киносаноатни ривожлантириш бўйича ҳам кўп муаммоларга урғу берди. Тизимга ҳомийлар бириктирилиб, "Дўстлар клуби" ташкил этилганлигининг ўзи ҳам катта ўзгаришларга туртки бўлмоқда. Кўкламда бирин-кетин "ниш ураётган" ниҳолдек "Исломхўжа", "Имом ат-Термизий", "Элпарвар" сингари ажойиб фильмлар экран юзини кўрди.Насиб бўлса, чет элликлар талашиб сотиб оладиган кинофильмлар чиқади.

– Режиссёрлар орасида эндиликда олинажак тарихий фильмлардаги айрим қаҳрамонларга хориждан актёр таклиф этиш хусусида ҳам гап-сўзлар юрибди. Айтайлик, Бибихоним ролини турк ёки кореялик машҳур актрисалардан бири ижро этиши мумкин, деган миш-мишларга қандай муносабатдасиз?

- Ҳар бир ижодкорда, аввало, миллий ғурур бўлиши керак. Тилимизга, қадриятларимизга мустаҳкам замин зарур. Истеъдодли актёрлар "қайнаб" ётибди. Гап уларни "кўтариш", истеъдоди қиррасини топа билиш-да! Биз билан ишлашсин, яхши гонорар тўлашсин! Ана, чет элдан актёрларни олиб келиб, инжиқликларига чидашяпти-ку! Нимага ўзимизнинг актёрларни қўл учида кўришлари керак? Бу ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

– "Оскар" мукофотини орзу қилмаган актёр бўлмаса керак...

Албатта, "Оскар"га сазовор бўлишни ким хоҳламайди? Аммо шахсан мен мукофотдан кўра, ҳаётимнинг охиригача чиройли поғонада, обрўда қолишни хоҳлайман.

– Шу кунларда Андижонда шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги кенг нишонланди. Унинг ижоди билан қай даражада танишсиз? Давралардашеърларидан ўқийсизми?

Бу инсон билан суҳбатлашаолмаганимга афсус қиламан. Масалан, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, раҳматли Абдулла Орипов билан кўп мулоқотда бўлганман. Назаримда, шоирлар ернинг одами эмас, қандайдир илоҳиётга боғланган бўлади. Муҳаммад Юсуфнинг содда, чапани сатрларини, айниқса, "Ўзингдан қўймасин, халқим" деган шеърини жуда яхши кўраман. Давраларда шеърларини ўқисам, қарсаклар ёғилиб кетади. Бу, аслида, одамларнинг менга эмас, Муҳаммад акага бўлган ҳурмати.

Нурилло НЎЪМОНОВ суҳбатлашди.