ЖАМИЯТ

ДХМ: “ФУҚАРОЛАР ЭМАС, ҲУЖЖАТЛАР ҲАРАКАТЛАНЯПТИ”


08.11.2019   2098

Давлат хизматлари марказларининг фаолияти «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилига асосланганлиги бугун кўпчиликка маълум. Айни жиҳат ҳар бир хизмат турига тааллуқли. Бунда ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилганлиги катта аҳамиятга эга.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг (www.dxa.gov.uz) портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга шаффоф, тезкор, қулай хизматлар кўрсатиш имкониятлари юзага келди. Ҳар бир фукаро ёки юридик шахс вакили мазкур хизматдан тўлиқ маълумот олиши, шунингдек, у оркали муайян ҳукумат органига электрон шаклда бевосита расмий сўров юбориши мумкин.

Бир жиҳатга эътибор беринг: dxa.gov.uz орқали кўрсатилган давлат хизматларининг натижасини аризачининг ихтиёрига кўра, унинг манзилига Ўзбекистон почтаси орқали етказиб бериш имконияти яратилган. Экспресс хизмат ҳозирча фақат “Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотнома” хизматига жорий қилинди. Келгусида бошқа йўналишларга ҳам ушбу қулайликни босқичма-босқич равишда татбиқ этиш мумкин.

Бугунги кунда кўплаб ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган интерактив хизматлар Ўзбекистонда ҳам кенг жорий этилганки, солиқ декларацияларини тақдим этиш ва шахсий тўловларни – даромад ҳамда мол-мулк солиғи ва ҳоказоларни амалга ошириш; фуқароларни доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш, манзил ўзгарганлиги тўғрисида билдиришнома; шикоят ва аризаларни қабул қилиш, юридик маслаҳат бериш хизматлари; соғлиқни сақлаш тизими хизматлари (интерактив маслаҳатлар, қабулга ёзиш ва ҳоказолар); олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжатлар топшириш; лицензияларни онлайн расмийлаштириш каби йўналишлар шулар жумласидан.

Хулоса шуки, тизимда жорий этилган интерактив хизматлардан бош мақсад юртдошларимизнинг вақтини тежаш, узоғини яқин қилиш, энг муҳими, асоссиз оворагарчиликларга йўл қўймасликдир.

Ойбек ДАДАХОНОВ,

Андижон шаҳри давлат хизматлари маркази

АКТ бош мутахассиси.

Ҳасан АБДУШУКУРОВ,

марказ катта мутахассиси.