Андижон 24

ДХАнинг уч йиллиги: ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ ТИЗИМИ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНЯПТИ?


12.12.2020   1186

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили асосида фаолият олиб бораётган Халқ қабулхоналари фаолиятига баҳо берар экан, қабулхоналар имкониятларини давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтириш таклифини илгари сурган эди. Айнан шу куни Адлия вазирлиги қошидаги “Ягона дарча” марказлари негизида ҳар бир шаҳар ва туманларда «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилига кўра, фаолият олиб бориши белгиланган янги тузилма Давлат хизматлари марказларини ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

Юртбошимиз янги тизим ҳақида гапирар экан “Маълумки, ҳаммамиз деярли ҳар куни турли идораларга мурожаат қиламиз. Дейлик, нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун баъзан кун бўйинавбатда туришга тўғри келади. Ана шундай, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган ишлар учун одамларнинг қанча вақти, асаби кетади. Шуларнинг ҳаммасини бир жойда, марказлаштирган ҳолда, тезлик билан ҳал қилса бўлади-ку!” деган эди.

Шунингдек, ривожланган давлатларда бундай тизим аллақачон йўлга қўйилгани, инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини таъкидлаб, зудлик билан давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишни мутлақо янгича асосда юртимизда ҳам жорий этиш лозимлигини билдирганди. Ўшанда “Ана шундай тизимни йўлга қўйсак, ўйлайманки, халқимизга катта енгиллик яратилади, одамлар биздан рози бўлади.” дея ишонч билан айтилган сўзлар орадан ҳеч қанча ўтмай ўз исботини топди. Энг асосийси яхши ниятлар билан ташкил этилган тизим қисқа муддатларда халқнинг ичига кириб, одамларнинг ишончини қозона олди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”га Фармо-ни, шунингдек, соҳага алоқадор норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда 16 та давлат хизматлари марказлари, Андижон, Жалақудуқ, Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида эса марказларнинг 4 шохобча-лари фаолият юритмоқ-да. 2018 йилнинг бошида марказларда жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 145 тага етди (қарийб 3,5 баравар кўп).

Натижада хизмат турлари ортганлиги ҳисобига кўрсатилган давлат хизматлари сони ҳам сезиларли даражада кўпайди. Тизим ташкил этилган кундан бугунги кунга қадар марказлар томонидан қарийб 1 миллион 724 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Шундан бир ярим миллионга яқини шахсан, 200 мингдан ортиғи эса интернет орқали кўрсатилган хизматлардир.

Кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Ягона дарча” марказлари 2017 йилда ўн мингга яқин давлат хизматларини кўрсатган бўлса, янги тизим бир йил давомида ўртача ярим миллионга яқин юртдошимизнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилди.

Хизматларнинг ортиши яхши. Аммо хизмат кўрсатувчи ташкилот жойлашган бинода мижозлар учун етарли даражада шароит бўлмаса, нафақат мижознинг кайфиятига, балки ходимнинг иш сифатига жиддий таъсир қилиши шубҳасиз. Шу сабабли ҳам сифатли ва ўз вақтида тезкор давлат хизматлари кўрсатишда марказларнинг бинолари инновацион ғоялар асосида энг сўнги техника жиҳозлари билан таъминланганлиги, барча қулайликларга эга бўлиши муҳим ўрин тутади. Мана шуларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда фойдаланишга топширилган Улуғнор тумани Давлат хизматлари маркази ҳақида тўхталмоқчиман. Бундан ярим аср аввал, фақат, қумликлардан иборат бўлган майдонлар ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга биноларнинг қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани шу ерлик аҳолининг кўзини қувонтириб, яшашга бўлган иштиёқининг ортишига сабаб бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Ростини айтиш керак, авваллари улуғнорликлар яратилган шароитларнинг ноқулайлиги сабаб давлат хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиришда қийинчиликларга учраётганди. Айниқса, мослашмаган бинода замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Айни дамда эса бир неча йиллардан буён фойдаланилмай, бўш ва нураб ётган бино ўрнида анъанавий архитектура ва халқаро меъморий дизайн билан уйғунлашган марказнинг янги биноси қад ростлади. Ўзига хос, замонавий техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланди. Бир вақтнинг ўзида 15 нафар, бир кунда 300 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавийтарздаги кенг ва ёруғ хоналар, электрон навбат, ҳордиқ чиқариш учун қулай ва юмшоқ ўриндиқлар, болалар майдончаси, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун алоҳида хоналарнинг мавжудлиги мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Бинода давлат хизматлари марказидан ташқари, туман фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ҳамда Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашганлиги мурожаат қилувчилар учун яна бир имконият яратади.

Шу кунга қадар яна 4 та - Андижон,Балиқчи, Бўстон ва Марҳамат туманларида ҳам мана шундай шароит ва қулайликларга эга давлат хизматлари марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Айни пайтда вилоятимизнинг Хонобод шаҳри ҳамда Шаҳрихон, Олтинкўл, Избоскан, Хўжаобод туманларида ҳам давлат хизматлари марказларининг янги биноларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Қурилаётган ушбу қулай ва шинам бинолар янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга оширишгаҳаракат қилмоқда. Қили-наётган бундайсаъй-ҳаракатлар энг аввало аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланишига муносиб улушларини қўшишга, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Имкониятдан фойдаланиб, уч йилдан буён халқимиз манфаатлари учун, мутлақо янги, сифатли хизматларни кўрсатиб келаётган юртимиздаги барча давлат хизматлари марказлари ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Азиз ҳамкасблар! Давлат хизматлари соҳасини янада яхшилашга қўшаётган ҳиссангиздан миннатдормиз!

Юртдошларимизга эса давлат хизматлари марказларига ташрифи фақатгина хуш кайфият улашишини тилаб қоламиз.

Маҳмуджон

АБДИЖАЛИЕВ,

Давлат хизматлари агентлиги

вилоят бошқармаси бошлиғи.