Бугуннинг гапи

ДЕПУТАТЛАР ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ДЕКАБРДАН ОКТЯБРГА КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ


30.01.2021   1486

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 29 январь, жума куни бўлиб ўтган йиғилишда сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонунни қабул қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида 25 январь куни маълум бўлганди. Шу куниёқ депутатлар таклифи билан лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Парламент матбуот хизматининг маълум қилишича, сайловлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш қонун лойиҳаси эълон қилинганидан сўнг 4 кун ичида 206 та таклиф келиб тушган.

Қонундаги бандлардан бири билан Президент, Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Жўрқорғи Кенгеси, шунингдек, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари учун ўтказиладиган сайловлар санаси декабрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилди (2021 йилда ушбу сана 24 октябрга тўғри келмоқда).

Қонунчилик палатасининг таъкидлашича, йил охирида сайловларнинг ўтказилиши «сайловдан кейинги сиёсий тадбирларнинг, хусусан, Давлат дастурининг қабул қилинишининг кечикишига олиб келади».

Шу билан бирга, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

29 январда Қонунчилик палатаси мажлисида қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган «давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса» — президентлик сайловлари масаласига тўхталиб ўтганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси «бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумеътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши» лозимлигини таъкидлаган.

Манба: t.me/daryo_live.