ЖАМИЯТ

ДЕҲҚОН АСЛО ДАЛАСИДАН БЕРИ КЕЛМАЙДИ


30.03.2020   5076

Деҳқончилик шундай касбки, уни урушми, табиий офатми ёки бугунгидек балои офат бўладими – ҳар қандай шароитда ҳам уни бир кунгагина бўлса-да тўхтатиб қўйиб бўлмайди. Чунки, деҳқон эл-юртнинг ризқ-рўзини етиштиради.

Бугунги кунда деҳқонлар асло ваҳимага берилмаган ва албатта тавсия қилинаётган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда ишларини давом эттиришмоқда. Зеро, ҳаёт давом этаяпти. Эртанги кун, бозорларда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг серб ва нархи барқарор бўлиши асосан бугунги қилинаётган меҳнатга боғлиқ.

Жалақудуқда ҳам туман ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигида қишлоқ ҳўжалигида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда мавжуд Фермер ҳўжаликлари ўз дала майдонларига чигит экишни якунига етказмоқдалар. Фермер ҳўжаликлари аъзолари сира ҳам тушкунликка берилмай, одатдагидек астойдил меҳнат қилмоқдалар. Уларга дала шийпонида тушлик қилиб, ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Шийпонда коронавирус инфекцияси профилактикаси бўйича тааллуқли зарур чоралар кўрилган: юз-қўлни ювиш учун иссиқ сув, совун, суюқ совун, антисептик воситалар билан таъминланган. Овқатланиш жойлари, ошхона ва бошқа хоналар ҳар куни хлорли сув билан ювилмоқда. Ишчилар эълон қилинган карантин тартиб қоидаларга амал қилган ҳолда меҳнат қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, аксарият аҳоли аввало соғлиғи учун карантинда бўлган бир пайтда, деҳқонлар далада меҳнат қилиб, юқори ҳосилга замин яратаётир. Уларнинг ишларига унум, ҳосилга барака тилаймиз.

«auz.uz» online гуруҳи.