Бугуннинг гапи

Даврга ҳамнафас хизмат


10.03.2018   344

«Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари» кўрик-танловнинг вилоят босқичи

бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ишлари кейинги вақтда янги босқичга кўтарилди.

Бунда мамлакатимизда ташкил этилган ички ишлар органлари профилактика хизматининг ўз ўрни бор. Ички ишлар органларининг профилактика хизмати такомиллашиб, аҳолига яқин, халқчил тузилмага айланаётир. Тизимда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари» кўрик-танловининг мазкур вилоят босқичида бу алоҳида қайд этилди.

Ҳар ҳафта - пайшанба профилактика куни, деб эълон қилингани соҳадаги ишлар самарадорлиги янада ошишига йўл очмоқда. Содир этилган жиноятлар таҳлили, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чорламоқда. Ўқув муассасаларида ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг таъсирчанлиги ошяпти.

Ички ишлар органларида профилактика хизмати такомиллаштирилиши баробарида тизим ходимлари иш юритадиган инфратузилма замон талабига мос ривожланмоқда. Айни пайтда барча таянч пунктларида профилактика инспекторлари жамоатчилик вакиллари – маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳалла посбонлари билан битта бинода фаолият юритаётир. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолига янада яқинлашиш, унинг дарду ташвишларидан доимо огоҳ бўлиш ва зарур пайтда тегишли ёрдам бериш, учраётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишдир. Кўрик-танлов жараёнида иштирокчилар фаолиятининг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловда Асака тумани, Истиқлол маҳалласига хизмат кўрсатувчи 69-сонли ички ишлар органи таянч пункти ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳамда «Энг фаол профилактика инспектори», «Энг фаол маҳалла посбони», «Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси», «Адолатли яраштириш комиссияси раиси», «Энг фаол жазони ижро этиш инспекцияси ходими» каби номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқландилар ва тақдирландилар.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.