Андижон 24

... ДАВЛАТ ТИЛИНИ ҚАТТИҚ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҲАР КУНЛИК ТИРИКЧИЛИККА ПУЛ ТОПИШ КАБИ ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТДИР...


27.02.2021   1842

Ҳар йили фақат бир марта, октябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги охирида она тилимиз борлигини эслаб қўямиз. Баландпарвоз гаплар билан она тилимизни, усиз яшай олмаслигимизни, унинг билан фахрланишимизни, кўкларга кўтаришимизни айтиб, шеърлар айтиб, ёдлаб олинган чиройли сўзларга буркаб, роса мақтаймиз. 21 октябрь ўтгач эса, келаси йилгача ўз тилимизга муносабатда билганимизни қиламиз, тил байрамида айтганларимизни эмас, бутунлай аксини - аямасдан хақоратлаймиз, камситамиз, устидан куламиз. Бунинг учун бизга ҳеч ким ҳеч нима демайди. Ҳозирги кунга келиб ўз она тилимизни бузиб гапириш, ифлослантириш, хато билан, тил қоидаларига амал қилмасдан ёзиш одат тусига кириб қолди. Тадбиркорни давлат ҳимоя қиляпти, аёлларни, ёшларни, қарияларни, ногиронларни ҳимоя қиляпти. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, маданият, спорт, қўйингки барча соҳаларга эътибор қаратиляпди, қонунлар, қарорлар қабул қилиняпти, уларнинг бажарилиши назорат қилиняпти. Фақат ўзимизнинг она тилимиз, унинг ҳақида қайғурадиган инсон ёки бирор идора йўқлигидан, етимдек қаровсиз, эътиборсизликдан озиб-тўзиб бормоқда. Ўз тилимизда таржимаси бўла туриб “больница”, “остановка”, “аптека”, “коллектив”, “магазин”, “пожар”, “марожний”(“мороженое”), “холодильник”, “шашлик”, “обед”, “справка”, сапшение (“сообщение”) каби ажнабий сўзларни ҳеч бир хижолатсиз ишлатяпмиз. Ахир уларнинг ўрнига тилимизда мавжуд бўлган “касалхона” (ёки “шифохона”), “бекат”, “дорихона”, “жамоа”, “дўкон”, “ёнғин”, “музқаймоқ”, “совутгич”, “кабоб”, “тушлик”, “маълумотнома”, “хабар” сўзларидан фойдаланиш ҳар биримизнинг фуқаролик, инсоний бурчимизку! Давлат тили ҳақидаги қонун талаблари “дайжест”, “СМС”, “личка”, “онлайн”, “снос” каби тилимизга бегона сўзлардан ноқонуний фойдаланаётган ва мунтазам тарғиб қилаётган ижтимоий тармоқлар эгаларига тегишли эмасми? “Фидойинг бўлгайман сени, Ўзбекистон!” деймиз-у, амалда тескарисини қилаётганимизни сезмаймиз ҳам.

Деярли барча тадбиркорлик корхоналари, ташкилотлари, кўплаб фермер хўжаликларининг, телевидениедаги аксар дастурлар, кўрсатувларнингномлари умуман тушунарсиз ажнабий сўзлар, жумлалардан, ўзбекча сўзлардан фойдаланилганлари ҳам маъносиз “Hamkor Stimul Servis”, “Feruzbek tekstil”, “MOON LIGHT”, “MURUVVAT CHORVADOR”, “COSMETIC LEGEND”, “BAXT KLASTER”, “YOSH KAFOLAT BIZNES PLYUS”, “BARAKA PLYUS MEDIA”, “DOSTONBEK BAXT IMKONI”, “Min Max Luxe Textile”, “OQ YO’L GLOBAL” (барча мисоллар ўзбек тилидаги газеталардан олинган), кўплаб теледастурларнинг номлари “TV Sale”, “Sketch shou”, “Start up klub”, “Tedbook shou” каби алламбалолардан иборатки, бу бари Ўзбекистонда эканлиги ўта ҳижолатли бўлмоқда. Қонун талаблари номларни бераётганлар, кўрсатувларнинг муаллифлари, иширокчиларига тегишли эмасми? Уларга қонунни бузишга ким ҳуқуқ берди? Ташкилотларга ўзбек тилида, тушунарли номларни беришнинг йўлини излаб топиш иложсиз муаммоми? Унда ушбу масалани мутахассислар, қизиқувчилар, боринг умумхалқ муҳокамасига қўйиш керак. Мамлакатимизда нимаики қилсак, аввало ўзимиз учун, қолаверса меҳмонлар ҳурмати учун қиламиз. Ечими топилмаётган муаммони элга ҳавола қилиб, маслаҳатлашиш айб ёки уятли иш эмаску. Чиройли номдаги жойда ишлаш одамнинг кайфиятига илиқлик қўшади, ўз ташкилотидан фахрланишига кўмаклашади. Қачонгача ном топиш қийин, деб ташкилотларга тушунарсиз, ажнабий тилларда ном бераётганлар зулмига таслим бўлиб юрамиз? Қачонгача Ўзбекистон телеканалларида ўзбеклар тушунмайдиган сўзлар билан оддий одамларнинг кайфиятини бузаётганларнинг эркаликларига чидаб яшаймиз?

Бечора ўзбек тилини ким ҳимоя қилади: ўша тил воситасида ўша тилнинг ўзини хақорат қилаётганлардан, гапини эплаб гапира олмайдиган “саводхон”, “сухандон”, “сўз усталаридан”? Ахир бу Давлат тили-ку! Уни камситишга, демак Қонунни бузишга ҳаққимиз борми? Нега “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ҳар қадамда, ҳар онда бузиляпти-ю, назорат қилинмаяпти, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаяпти?

Бу иллатнинг сабаби, менимча – она тилимиз ҳақида қайғурадиган бирор бирлашма, уюшма, идора, орган ёки шунга ўхшаган ташкилотнинг йўқлигида, деб ўйлайман. Тўғри, бир вақтлар, 90-йилларда, давлат тили бўйича республика миқёсида ҳам, вилоятларда ҳам махсус комиссия бўларди. Лекин кейинчалик улар ҳам йўқолиб кетди. Бугунфақат қонунлар, Президент ва ҳукумат қарорларидагина тил қоидаларига амал қилинмоқда, холос. Барча босма ва электрон нашрлар, хаттоки мамалкатимизда энг нуфузли ҳисобланган “Халқ сўзи” газетаси, “UzA” интернет сайти, “Ўзбекистон” телеканалида ҳам имло қоидаларига амал қилмаслик оддий ҳолга айланиб бўлган. Оғзаки нутқдаги нуқсонлар – “қоидага амал қилмаслик қоидаси” шаклида кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Теле ва радиомухбирларнинг олдиндан тайёрланган матнни ўқиб беришида, турли даражадаги раҳбарларнинг мажлислардаги, халқ артистларининг турли кўрсатувлардаги ваъзларида хатолар шу қадар кўпки, худди улароддий халқни, айниқса ёшларни атайлаб тўғри йўлдан буриш учун тиришаётганга ўхшайди.

Она тилимиз нима ёмонлик қилдийкан уларга? Қайси гунохлари учун уни элга танитган тилдан қасос оляпди?

“Икки мингга яқин ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди” (“UzA”, 2021 йил, 23 февраль). Икки мингга яқин ҳукуматми ёки икки мингга яқин қарорми? Балки, “Ҳукуматнинг икки мингга яқин қарори”дир? “Отам сутидан даво топгани учун туяларга меҳр қўйдим...”(“Kun.uz”, 2021 йил, 27 февраль) Жумла бу каби кулгили ёки тушунарсиз бўлмаслиги учун “Отам туя сутидан даво топгани учун уларга меҳр қўйдим...” дейилса маъқул бўлмасмиди? “Вилоятимиздаги икки юз йигирмата олий ўқув юртлари талабалари...” Бу вилоят телевидениеси кўрсатувида мухбирнинг айтган гапи. Аслида “Вилоятимиздаги олий ўқув юртларининг икки юз йигирма нафар талабаси” демоқчи бўлгандир? Ички ишлар ходими ўтказган тадбири ҳақида телевидениедаги ахборот дастурида “Ўн бешинчи апрель 2020 йил куни куни...” деган жумлани ишлатди. Интервью бераётган аёл – она тили ва адабиёти фани ўқитувчисининг сўзлари: “Мактабимизнинг ҳар бир ўқувчилари...” (аслида “ҳар бир ўқувчиси” бўлиши керак). Мана сизга олий маълумотли, тил бўйича мутахассис, она тилимизнинг ҳимоячиси бўлган инсоннинг гаплари. Нега телевидение раҳбарлари бу каби хатолари бор лавхаларни ўтказиб юборишмоқда? Телеканаллар таҳририятларида шу каби ҳолатлар нега мухбирлар орасида муҳокама қилинмайди? МТРК қошидаги таҳлил гуруҳи бу каби ҳолатларга эътибор қаратмаса, яна нималар билан шуғулланяпти? Йил якунида улар қайси хизматлари учун турли мукофотларга муносиб кўриляпти? Ўзи ўша гуруҳ нимани таҳлил қиляпти, ахир бирорта телеканал махсулотларида фақат тил масаласида эмас, урф одатларни хақоратлаш, ёшларга салбий таъсир кўрсатувчи дастурлар, фильмлар, қўшиқлар, клиплар мусобақаси тўлиб ётибдику?! “Туркиянинг брендидан Тошкентдаги илк шоурум” (“УзРепорт ТВ”, 2021 й. 26.01.), “Экологик йиғим ундириш амалиёти” (“Янги давр”, 2021 й. 26.01.), “Эгоист” т.с, “Иммуноблот” б.ф....

Андижон шаҳридаги бир мактабга кириб, деворга ёпиштирилган қоғозларда нималар ёзилганлиги билан қизиқиб, ўқиб кўрсам, мактаб Низоми экан. Ҳар бир қаторида бир нечтадан хатога йўл қўйилган ўша битиклар ҳар доим ўқувчиларнинг кўз ўнгида. Бир хона эшигига осилган қоғозда эса катта харфларда “Сейшанба” деб ёзилган. Дарсларда баландпарвоз гапларни айтиб, ўқувчи ёзувда хато қилса икки баҳо қўйсагу, ўзимиз болалардан уялмасдан хатоларга йўл қўяверсак, ишимизда самара, ижобий натижа бўладими? Туман халқ таълими бўлими мудири имзолаган расмий ҳужжатда хатолар шу қадар кўпки, ёзган ёки имзолаган одамнинг ёрдами, изоҳисиз тушуниш мушкул.

Тилимиз қоидаларига кўра, гапда агар сон кўрсатилса, “лар” қўшимчаси ишлатилмайди. “Тўрт нафар ишчи”, “Элликта иш ўрни”, “Йигирмата дастгох”... Лекин ушбу қоидага соҳа мутахассислари бўлган ўқитувчилар ҳам, журналистлар ҳам умуман амал қилмаяпди. Улар “Тўрт нафар ишчилар”, “Элликта иш ўринлари”, “Йигирмата дастгохлар” дейишмоқда. Хаттоки “Бир нафар ўқувчилар” каби жумлалар телевидениеда ҳам, газеталарда ҳам такрор ва такрор берилмоқда.

Ўзбек тилида санани ёзишда ҳам, ўқишда ҳам аввал йил, кейин кун, кейин ой ёзилади ва айтилади. “Мен бир минг тўққиз юз тўқсонинчи йили биринчи ноябрь куни туғилганман”. Лекин, афсуски бу қоидага ҳам амал қилинмаяпди. Ўзбекистондаги хохлаган газетангизни, телеканални, интернет сайтини кўринг, юқоридаги гап “Мен биринчи ноябрь бир минг тўққиз юз тўқсонинчи йил куни туғилганман” тарзида, яъни рус тили усулида берилмоқда. “...йил куни...” сўз бирикмаси ўзбек тили қоидаларига зид эканлигини, маъно-мантиқ йўқлигини тушуниб турсак ҳам, тўғри фойдаланишни ўзимизга эп кўрмаяпмиз.

Телефонимдаги ёзувларни ўзбекчасига ўтказиб олганимни кўриб бир танишим “қўйинг, бўлмас экан, тушуниш қийин экан” деди. “Мен ҳам ўзбекчалаштириб олсам бўлар экан” демади. Унинг гапи менга жуда оғир ботди. Тилга эътиборсизлик шу даражага етганлиги, тилга ҳурматсизлик оддий ҳолга айланиб, онгига синггани учун ачиндим. Улуғ шоиримизАбдулла Орипов (жойлари жаннатда бўлсин) она тилимизни қалбидан севганлиги учун “Сен бўлмасанг тўти бўлиб қоламан” деган эди. Бугун ўз она тилимиз бўла туриб, кўплаб ўзбеклар “тўти” бўлиб сайрамоқда. Телевидение бошловчилари эса етакчиликни қўлдан бергиси келмаяпти. Ачинарлиси, ўз она тилини хақоратлаганидан уялмаяпти, фахрланяпти. Бу ахир фожеа-ку?!

Бразилияда ўтказилган олимпиада мусобақаларини томоша қилаётиб, баъзан телевизор овозини ўчириб қўйишга мажбур бўлдим. Телевидениеда мусобақаларни шархлаётган юртдошларимнинг сўз бойлиги камбағаллиги, билган сўзларни ҳам ўрнида ишлата олмасликлари томошадан хузур қилиш ўрнига чарчатиб юборди. Менинг уларга раҳмим келди. Қўлингдан келмас экан, ўзингни ҳам, томошабанларни ҳам қийнамасдан бошқа иш қилсанг бўлмасмиди, дегим келаверди. Тасаввур қилинг, агарда олимпиададаиштирок этган спортчиларимиз ҳам телевидениенинг ўша сўзга нўноқ ходимлари каби тайёргарлик кўрганларида, ғолиб бўлармиди? Нега энди қобилияти, тайёргарлиги йўқ кимсалар шундай муҳим тадбирларга таклиф этилади? Халқимизда бундайларни “Гапини эплаб гапира олмайди” дейишади. Хойнахой, олимпиададан кейин улар “самарали хизматлари учун” мукофотларга лойиқ кўрилган бўлсалар ҳам керак. Бу халққа нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Нима, Ўзбекистонда нутқи чиройли, ўз тилида равон гапирадиган инсонлар йўқми? Нега телебошловчилар изланилмайди, улар учун танловлар ўтказилмайди? Нега бу масъулиятли вазифага муносиблар четда қолиб, хатто қоғоздаги ёзувларни ҳам эплаб ўқиб бера олмайдиган нўноқлар лойиқ кўрилмоқда.

30-40 йил давомида кузатиб, телевидениеда сиёсий шархловчи Шуҳрат Қосимов (80-йиллари), кейинроқ санъатшунос Ҳамидулло Акбаров ва яқин йилларда спорт шархловчиси бўлган Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнигина она тилимизда қоғозга таянмасдан равон, чиройли, фикридан чалғимасдан, мазмунли, тилимизни ифлослантирмасдан гапира оладиган бошловчи сифатида тан олса бўлади, деган хулосага келдим. Шунча йил давомида фақат уч инсон, уч бошловчи холос!

Агарда телевидениеда ҳар куни кўриниш бераётганлар ўз она тилимизда тўғри гапирганларида эди, атрофда бугунгидек “тўти”лар кўпаймаган бўларди. Нутқимиздаги қусурлар хулқимизга, маънавиятимизга, ёшларимиз тарбиясига кучли салбий таъсир кўрсатаётганлигини англаб олиш қийин эмас-ку. Бир-бирларини “ифлос”, “харом”, “иблис” каби хақорат сўзлари билан сийлаётган ёшларнинг маънавий қашшоқлиги нутқидан бошланганлигини ангаб олиш учун олим бўлиш шарт эмас. Маънавий қашшоқликка ўз вақтида эътибор қаратилмагани натижасида пайдо бўлган маънавий ногиронлар бугун ота, она бўлиб ўзларидан ҳам баттарларни “тарбияламоқда”.

Тилимизни камситишда, ифлослантиришда спорт мавзусини ёритадиган журналистларимиз “олдинги сафда” мустаҳкам ўрнашиб олишган. Улар “интрига”, “дерби”, “трансляция”, “дубль”, “хет-трик” каби бошқа тилларнинг сўзларидан уялмасдан, ҳеч бир изоҳсиз фойдаланмоқдалар. Наҳотки бу билан улар тилимизни ифлослантираётганликларини билишмаса? Ахир журналист тилнинг билимдони бўлиши, сўзлар билан ишлашда бошқа касб эгаларига ўрнак бўлиши керак эмасми? Телеканаллардаги хохлаган бошловчининг нутқига эътибор берсангиз, бошқа соҳа ходими, масалан фермер, ишчи, шифокор, қурувчининг нутқидан фарқ қилмайди. Ўша бошқа сохалар вакиллари ўз ишларида изланмоқда, шунинг учун ютуқларга эришмоқда, юртига, бошқа инсонларга фойдаси тегмоқда. Бошловчилар нега изланмайди, ўз нутқи устида ишламайди, равон, чиройли гапиришни ўрганмайди? Журналистика факультетида талабалар нималарни ўрганяпти, ахир уларнинг фаолиятида мутахассисликка ўқиганлиги сезилмаяпдику? Фақат европача андозадаги либосларини, қирқилган ва бўялган сочларини кўз кўз қилиш билан овора холоску улар? Ахир ҳали “кўзи очилмаган” фарзандларимиз уларга тақлид қилишиб, ҳар куни улар айтган сўзларни, гапларни ишлатишади, уларнинг қилиқларини такрорлайди, уларникига ўхшаган либосларни кияди, уларга ўхшашни орзу қилишади-ку! Елкасида мамлакат, халқ тақдирига дахлдор улкан масъулият борлигини ангаб ета олмайдиганлар миллионлар минбарига чиқишга ҳақлими? Булар ҳақида ким ўйлаши, қайғуриши керак?

Ўрни келганида, телевидение билан боғлиқ яна бир мулохаза билан ўртоқлашмоқчиман. Асосий қонунимизга мувофиқ Ўзбекистонда бирорта миллат ва унинг урф одатлари, тили камситилиши мумкин эмас. Лекин давлат тили бўлмиш ўзбек тили мамлакатимизда фаолият юритаётган барча телеканалларда ҳар куни такрор ва такрор камситилмоқда. Бошловчиларнинг нутқи йўқлиги ҳақида фикрларимни билдирдим. Бундан ташқари ўзбек тилидаги бирорта ахборот дастурида, кўрсатувларда рус тилида айтилган гаплар ўзбек тилига таржима қилинмайди. Лекин рус тилидаги ахборот дастурлари, кўрсатувларда ўзбек тилида айтилган гаплар, албатта рус тилига таржима қилинади. Рус фуқароларига ҳурмат билдирилаётгани яхши, албатта. Бунга қаршилигим йўқ (аслида Ўзбекистонда яшаётган барча фуқаролар давлат тилини билишлари шартлигиқонун талаби), лекин нега ўзбек тилида айтилган гаплар рус тилига таржима қилиняптию, рус тилидаги гаплар ўзбекчага таржима қилинмаяпти. Ёки барча фуқаролар рус тилини билишлари шартми? Жамиятимизда қонунлар талаблари бузилаётгани ҳақида шов шувли хабарлар берувчиларнинг ўзлари қонунни бузишларида бирор мантиқ борми? Уларнинг камчиликлар, хатто жиноятлар ҳақида гапиришларига маънавий ҳаққи борми? Аввал ўзлари қонунлар талабларига амал қилишни ўрганиб олсалар тўғри бўлмайдими?

Танбех олиш даражасида фаолият кўрсатаётган бўлсада, тайёрлаган дастурлари қандайдир сеҳргарнинг макри билан турли мукофотларга муносиб кўрилаётганлар ўша ондан “юлдуз” бўлиб, ўзи оддий фуқаролардан пастроқда бўлса ҳам ўзини осмонда хис қилиб, атрофидагиларни кўрмайдиган онгсиз, хиссиз роботларга айланиб қолаётгани ўта ачинарли. Чунки ўша юлдузчалар фарзандларимизни ҳам ўйлаганини сўзда, гапда ифодалаб бера олмайдиган фикрсиз, орсиз, қуруқ савлатдангина иборат гавдага айланиб қолишларига сабаб бўлмоқда.

“Kun.uz” мухбири Элмурод Эрматовнинг Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳридан тайёрлаб келган мақоласида у ерда ташқи тарғибот воситаларига, фақат шаҳар раҳбариятининг махсус комиссияси кўригидан ўтказилганидан кейин рухсат берилиши ҳақида айтилган. Бу жуда яхши тажриба, агарда биз ҳам қўлласак фақат ютамиз. Қўшниларимизда тилга эътибор бор экан!

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шулар қаторида ўз она тилимизга ҳам жиддий эътибор қаратадиган вақт аллақачон келган. Республика миқёсида тажрибали, кучли мутахассислар, давлат бошқаруви органлари, жамоатчилик вакиллларидан иборат давлат тили масалалари билан шуғулланадиган бирлашма тузиш, унга тегишли ваколатлар бериш, янги сўзларни муомалага киритиш масаласини қонун даражасида мустаҳкамлаш керак. Оғзаки ёки ёзма тил қоидаларини бузганларга жавобгарлик белгилаш, назоратни кучайтириш зарур.

Ёши катта инсонлар мамлакатимиз зиёлиларининг асосий қисмини ташкил этишини, улар кирил алифбосига ўрганганини инобатга олсак, ҳукуматнинг қарорига биноан икки уч йилдан кейин лотин ёзувига асосланган алифбога тўлиқ ўтилгач тилимизда қандай чалкашликлар бўлишини, бу маънавиятимизга оғриқли зарба бериши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун она тилимиз, давлат тилини қаттиқ ҳимоя қилиш ҳар кунлик тирикчиликка пул топиш каби муҳим ҳаётий зарурат деб ҳисоблайман.

Юртимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларнинг барчаси инсонлар учун, уларнинг яхши яшашлари учун, бугунги ёшлар эртага ўз юртининг фидойи инсонлари бўлишлари учун қилиняпди. Агарда гапини эплаб гапира олмайдиганларнинг кўпайишига лоқайд муносабатда бўлишни давом эттираверсак, бу меҳнатларнинг, улар натижасида яратилаётган шароитлару-имкониятларнинг қадрига етадиганлар бўладими?

Усмонжон Аҳмедов

Халқ депутатлари Олтинкўл

тумани Кенгаши депутати.