Ҳужжатлар

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ ЎЗ ЛОГОТИПИНИ ЎЗГАРТИРДИ (ФОТО)


18.12.2019   1427

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси янги логотипини тақдим этди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: «Gazeta.uz»

Нашрнинг ёзишича, янги логотип тавсифида қиёслов келтирилган: «Аввал: давлат органи, «погонли инспектор», мураккаб солиқ мажбуриятлари. Энди: мажбуриятларни бажаришга ва фойда олишга ёрдам берадиган солиқ хизмати».

Янги логотип асосан икки рангдан иборат — кўк ва тўқ олтинранг.

Таъкидланишича, логотип асосида Ўзбекистонда бахт, эрксеварлик ва яхшилик рамзи ҳисобланадиган афсонавий ҳумо қуши тасвирланган. Герб услубида акс эттирилган қуш давлатчилик ва мустаҳкамликка урғу беради.

Қанотларнинг очилиши очиқлик ва ҳалолликни акс эттиради, 14 та пат эса мамлакат вилоятларини ва Тошкент шаҳрини билдиради. Қушнинг орқасидаги кўтарилаётган қуёш эса давлатнинг йўлини ва янгиликка ҳаракатни ёритувчи нурни ифодалайди.

Рамзнинг юқори қисмидаги ичида тангалар бўлган кичкина қозонча ташкилот фаолиятига ишора ҳисобланади. Тангалар ўртасида рамзий саккиз томонли юлдуз жойлашган. Тангалар ва юлдуз мамлакат солиқ тизимини ифодалайди. Юлдуз эса бутун тизимнинг ишини таъминловчи солиқ қўмитасини ифодалайди.