Андижон 24

Давлат сиёсати: ЁШЛАР ҲАЁТИГА ЯНГИЧА МАЗМУН ОЛИБ КИРАЁТГАН ТАШАББУСЛАР


15.04.2019   2700

Яқинда қўшни Марҳамат туманида ёшларга эътиборни кучайтириш борасида илгари сурилган бешта муҳим ташаббус бўйича Андижон тажрибасини яратиш юзасидан катта йиғин бўлиб ўтганлиги барчамизни тўлқинлантириб юборди. Асака, Булоқбоши туманларидан келган вакиллар ҳам иштирок этиб, Президентимиз бошлаган хайрли ташаббусларни ҳаётга изчил тадбиқ этиш хусусида таклиф ҳамда муаммоларни ўртага қўйдилар.

Коллежимизда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва спорт тўгараклари ташкил этиш, айниқса, китобхонликни оммалаштириш мақсадида амалий ишлар режасини тузиб чиқдик.

Китоб ўқиган инсоннинг дунёқараши кенг, ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри қарор чиқара биладиган бўлиши аён. “Мен севган китоб” мавзусидаги тадбиримиз шу йўналишга қаратилди. Унга Андижон давлат университетининг филология факультети декани, фан номзоди Баҳодир Раҳмоновни, ёзувчи ва шоир Ҳалим Каримни, шунингдек, Бобур номидаги марказий ахборот ресурс маркази жамоаси ҳамда вилоят театри санъаткорларини таклиф қилдик. Китоб чин дўст, ҳамроҳ, сирдош, маънавиятимизни ёритувчи машъала эканлиги яна бир карра намоён бўлди. Ҳурмат билан келган меҳмонлар элликдан зиёд адабиётларни кутубхонамизга туҳфа қилдилар.Уларга “Сирли қўллар” тўгараги аъзоларининг ижод маҳсуллари манзур бўлди.

Бешта ташаббуснинг бири – хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича режалаштирилаётган ишларимиз сарҳисоб қилинди.Коллежимиз жойлашган ҳудудда “Қадим мунис” масъулияти чекланган жамияти бор. Аёллар ва эркаклар либослари тикиладиган бу меҳнат жамоасида олтмиш нафар қизимиз амалиёт ўтайди. Тикув-трикотаж йўналишини тамомлаётган қизлар шу ерга ишга жойлашяптилар.

Жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш ташаббуси юзасидан олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиряпмиз. Коллежимиздан вилоят чемпионлари чиқди. 158 ўқувчи спортнинг кураш, оғир атлетика турлари билан мунтазам шуғулланиб келади. Спорт залини тўла таъмирладик. Турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари яратилди.

Коллежимизда “Яхшидан боғ қолур” акцияси ташкил этилиб, ҳар шанба куни маҳалла оқсоқоллари, устозлар, меҳнат фахрийлари ташриф буюрадилар. Тўрт гектарли ҳовлимизда мевали боғ, сабзавот пайкали, иссиқхона яратдик. Маънавий олам меҳнат тарбияси билан уйғун бўлсагина камолотга эришиш мумкин, деган ғоя акция асосини ташкил қилади.

Ташаббуслардан бири компьютер саводхонлигига эришиш эканлигини эътиборда тутиб, информатика ўқитувчиси Носиржон Назаров етакчилигида 12 та тўла жиҳозли компьютердан иборат махсус хонада машғулотлар ташкил этилмоқда. Қўлида чироғи бор одам қоронғуликдан қўрқмайди, деган нақлга амал қилсак, ахборот хуружларидан бохабар ўқувчи ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди. Мана шу тамойил фикрий равшанликка ундаяпти.

Ёшларга қанот бўладиган ташаббусларни ҳаётга мустаҳкам татбиқ этишда Андижон тажрибаси яратилишига шак-шубҳа йўқ. Бу йўлда янгиликка интилиб, изланиб ҳаракат қилишга қодирмиз.

Умиджон МАЪРУФОВ,

Асака туманидаги Қадим транспорт ва агросервис касб-ҳунар коллежи директори.