Андижон 24

ДАВЛАТ КОМИССИЯСИ ДИҚҚАТИГА: ҚАБУЛДАГИ ХАТОЛИКДАН КИМ ЮТҚАЗАДИ?


11.07.2020   1859

Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи икки нафар иқтидорли йигит Музаффарбек Тоиров ва Асадбек Ҳатамов қабул комиссиясининг хатоси туфайли Андижон давлат тиббиёт институтига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди.

Мана салкам бир йилдан буён адолат истаб бормаган, мурожаат қилмаган идораси қолмади. Ҳатто, суд томонидан уларнинг шикоятлари қаноатлантирилган бўлсада, мутасаддилар негадир бепарво.

“uza.uz” сайтида жорий йилнинг 16 июнь куни бу ҳақда Тошлоқ туман маъмурий суди раиси А.Акрамовнинг «Қабул комиссиясидаги хатолик ёхуд яна бир муаммо кўтарилди» номли мақоласи эълон қилинди. Орадан шунча вақт ўтган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси бунга ўз муносабатини билдирмади.

Ваҳоланки, суд Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясининг аризачилар ҳужжатларини олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун қабул қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топди. Давлат комиссияси зиммасига М.Тоиров ва А.Ҳатамовни Андижон давлат тиббиёт институтининг тегишли факультетига Фарғона вилояти учун ажратилган давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш масаласини бир ойлик муддатда қонуний тартибда кўриб чиқиш мажбуриятини юклаган.

Музаффарбек Тоиров ва Асадбек Ҳатамов ўтган йили Қува туманидаги 63-ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактаб-интернатининг 11-синфини аъло баҳолар билан тамомлади. Иккаласининг ҳам кимё фанидан билими кучли бўлиб, фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллашган. Улар келажакда шифокор бўлиш истагида Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди.

Ўтган йилдан олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар онлайн топширила бошланди. Шундай бўлсада, жойлардаги институт ва университетларда қабул комиссиялари қошида «маслаҳат марказлари» ташкил қилинди. Бу ҳам албатта, абитуриентларга ёрдам бериш мақсадида. Улар 2019 йил 12 июль куни Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшириш мақсадида Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясига мурожаат қилишган. Ҳужжатлар ўзларини «оператор» деб таништирган шахслар томонидан қабул қилиб олиниб, расмийлаштирилади.

Барчамизга маълумки, 2017 йилдан буён мамлакатимизда абитуриентлардан олий ўқув юртларига тиббиёт йўналишида мақсадли қабул бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Мақсадли қабулда тиббиёт ходимларига ҳудудларда бўлган эҳтиёжлар олдиндан белгилаб олинади. 5-6 йилдан сўнг қайси вилоятда қайси тиббиёт ходимига нечта эҳтиёж юзага келиши мумкинлиги тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари (ҳокимликлар) ўз таклифларини беради. Шундан сўнг, мазкур мақсадли квотага давлат гранти асосида ўша ҳудуд вакиллари ўқишга қабул қилинади. Уларни давлат 5-6 йил бепул ўқитади, бунинг эвазига талабалар ўқишни тугатгач, ўз ҳудудида давлат учун мажбурий ишлаб беради. Бундан кўзланган мақсад ҳудудлардаги кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш, чекка туманлардаги тиббиёт бирлашмаларини ҳам олий маълумотли малакали шифокорлар билан тўлдиришдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори билан 2019/2020 ўқув йилида соғлиқни сақлаш, маданият ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланган. Яъни, Фарғона вилоятидан бўлган абитуриентлар учун Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетига 42 та ҳамда стоматология факультетига 9 та мақсадли қабул ажратилган. Бу билан Фарғона вилоятида истиқомат қилиб, Андижон давлат тиббиёт институтига кирмоқчи бўлган абитуриентлар учун давлат томонидан алоҳида имтиёз берилган. Афсуски, қабул комиссиясида ишловчи ходимнинг хатоси боис ана шу имтиёздан бу икки йигит фойдалана олмади. Тест натижаларига кўра, М.Тоиров 168,4, А.Ҳатамов 167,7 балл тўплаган эди. Улардан паст балл олган фарғоналик абитуриентлар ҳам мақсадли қабул доирасида давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.

– Фарзандим ўзининг билимига жуда ишонарди, – дейди Музаффарбек Тоировнинг онаси Азизахон Қодирова. – Минг афсус, адолат қарор топмаяпти. Қабул комиссиясидаги бир кишининг хатоси бизларга қимматга тушяпти. Ўзим ҳамшира бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. Рости, контракт тўлагани қурбимиз етмайди. Қанча жойларга мурожаат қиляпмиз. Бирор натижа бўлмаяпти. Ҳеч ким арзимизни эшитишни хоҳламаяпти. Фарзандимда ҳам ишонч қолмади. Унинг кўзларига қарагани уяляпман.

Маълум бўлишича, Фарғона политехника институтининг масъуллари бу хатолик бўйича улардан узр сўрашган. Аммо узр билан нима ҳал бўларди?

Давлат тест марказининг Фарғона вилоят бўлими вакили Исмоилхон Шокиров билан ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида боғландик.

– Ҳа, бу бўйича хабарим бор, – дейди у. – Айб ўзларида. Ҳужжат топшириш жараёнида мақсадли қабул бўйича ажратилган жойни тўлдирмаган. Баъзилар мақсадли қабул бўйича ўқишни хоҳлашмайди. Ҳужжат топшириш якунланишига қадар ҳам бу бўйича мурожаат қилишмаган.

Фарғона политехника институтидаги қабул комиссияси масъуллари ДТМнинг махсус дастурига Андижон тиббиёт институтига Фарғона вилояти учун ажратилган давлат гранти бўйича танловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтказишда эътиборсизлик қилган. Кейинчалик хатолик аниқланиб, қайта рўйхатдан ўтказилган. Аммо бу бўйича бу икки абитуриентга хабар беришмаган.

Нима бўлганда ҳам, адолат тантана қилиши шарт. Суд томонидан эса Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссияси масъул ходимлари ва қонунчиликдаги ноаниқликлар сабабли аризачиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган, деб ҳисобланиб қарор қабул қилинди. Мутасаддилар эса бунга ўз муносабатини билдириши керак.

Билимли ва иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бугун давлат сиёсатига айланган бир пайтда шу сингари ёшларни давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш, уларни келажакда малакали кадр бўлишига кўмаклашишдан ҳеч ким ютқазмайди. Балки ютади.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА