Андижон 24

ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИНИНГ АЙРИМ ХОДИМЛАРИДАН КЎНГЛИМ ҚОЛГАНДИ. ЛЕКИН...


08.07.2020   3748

Мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хўжаободлик Муслимахон Нурматова болалигидан 1-гуруҳи ногирони. Шу сабабли у ота-онасининг доимий қарамоғига муҳтож.

Муслиманинг оиласи бир неча йиллар давомида уй олиш мақсадида турли идораларга кўп маротаба мурожаат қилишди. Бироқ сезиларли натижа бўлмади. Умиди сўниб бораётган оила ўтган йилнинг бошларида сўнгги илинж билан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қабулига борди. Унинг мурожаатини тинглаган вилоят раҳбари Муслиманинг номига туманнинг Хидирша массивида қурилаётган хонадонлардан бирини беришга ваъда берди ва ваъдасининг устидан чиқди. Шундай қилиб Нурматовлар оиласи ҳам ўз орзусига эришиб, шахсий уйига эга бўлди.

Яқинда Муслимахон яшаб турган уй-жойини кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун Хўжаобод туман Давлат хизматлари марказига телефон орқали мурожаат қилди. Фуқаронинг ҳолатини тушунган марказ ходимлари 24 июнь куни унинг яшаш хонадонига бориб тегишли тартибда аризасини қабул қилиб олишди.

- Шундай инсонлар борки, уларнинг олдига бориб ҳам ишинг битмайди, - дейди Муслимхон Нурматова. – Ҳаётим давомида одамларни сарсон-саргардон қиладиган, хаттоки ногиронларга паст назар билан қарайдиганларни ҳам кўрдим. Шу сабабли давлат идораларининг айрим ходимларидан кўнглим қолганди. Лекин Давлат хизматлари маркази президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоханг равишда ишлаётганлигини бир оғиз телефон орқали уйимга келиб аризамни қабул қилишида кўрдим. Ўзингиз келишингиз шарт дейишмади. Ортиқча “қоғоз” ҳам сўрашмади. Бўларкану мана шундай ишласа ҳам.

Хўжаобод туман Давлат хизматлари маркази директори Санжарбек Саидовнинг хабар беришича, Муслимахон Нурматованинг аризаси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, уй-жойига кадастр ҳужжатлари тайёланган. 7 июль куни сайёр тартибда кадастр паспорти уй эгасига топширилган.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон

вилояти бошқармаси ахборот хизмати.