ЖАМИЯТ

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ СОНИ 200 ТАГА ЕТКАЗИЛАДИ (+ВИДЕО)


29.04.2021   3884

Олтинкўл тумани Давлат хизматлари марказида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туманлардаги тизимлари томонидан 2021 йилнинг 4 ойи давомида амалга оширилган ишлар, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасидаги янгиликлар ҳамда фаолиятдаги муаммолар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда республика ҳамда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ҳамкор ташкилотларнинг ахборот хизматлари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманида сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Хусусан, Давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сони 6 тага ортиб, 154 тани ташкил қилди. Жорий йилда Марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 200 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Шу кунга қадар жисмоний ва юридик шахсларга 240 мингга яқин хизмат кўрсатилган бўлиб, уларнинг 182 минг 416 таси бўйича шахсан, 10 минг 286 таси эса интернет орқали қабул қилинган.

Энг кўп мурожаатлар болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш, Жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини олиш ва аниқлаш, руҳий касаллик ҳисобида туриш ёки турмаслик ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумот олиш. 4 ой давомида 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, шундан 6 таси хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида бошқарманинг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида жами 5 минг 507 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Қонунбузилиш ҳолатлари таҳлил қилинганда1 минг 828 таси соғлиқни сақлаш муассасалари,1 минг 180 таси Ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари, 1 минг 111 таси "Ўзбекэнерго" тизими корхоналари ҳамда 1 минг 187 таси сув таъминоти идоралари ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳисобига тўғри келади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 89 та огоҳнома ва 8 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 80 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Киритилган тақдимномаларга асосан 19 нафар ходим интизомий жавобгарликка ҳамда 80 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган.

Абдураҳмон

АЛИМОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

вилоят бошқармаси

бошлиғининг

ўринбосари.