ЖАМИЯТ

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ХОДИМЛАРИ УЙИНГИЗГА БОРАДИ


13.02.2021   734

Турли бюрократик тўсиқларни олдини олиш, коррупцион ҳолатларга барҳам бериш, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончини оқлашни мақсад қилган Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилганига уч йилдан ортди. Қисқа бўлсада шу муддат ичида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сони, шунингдек аҳолининг Давлат хизматлари марказларига бўлган оқими ҳам сезиларли даражада ошди.

Бундан уч йил аввал Марказлар орқали 30 дан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 150 дан ортди. Жорий йилда ушбу хизматлар сонини 200тага етказиш кўзда тутилган. Афсуски, яратилаётган бу қулайлик ва енгилликлар ҳақида фуқароларимизнинг аскарияти етарли маълумотга эга эмас. Шу сабабли ҳам ҳалигача турли идораларга учраб, сарсон бўлмоқда ёки фирибгарликнинг тузоғига илинмоқда. Ёки оддий солиқ тўловчининг идентификацион рақамини олиш, пенсия миқдорини аниқлаш учун бир неча километрлаб йўл босишга, яна навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси вакиллари ҳам Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан аҳоли билан ишлашнинг маҳаллабай тизимини йўлга қўйди. Эндиликда бошқарма тасарруфидаги барча Давлат хизматлари марказлари ҳамда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ходимлари ҳар бир маҳаллага бориб, хонадонма хонадон юриб, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини ошириш билан бирга, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан танишитириб боради. Шунингдек, Марказ ходимлари ўша ернинг ўзида сайёр хизматлар кўрсатади.

“Маҳаллабай ишлаш тизими аҳолининг Давлат хизматлари марказларига бўлган холис фикрини ўрганиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш орқали фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, юртдошларимизнинг давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш имконини ҳам беради. Мана шуларни инобатга олиб, жойларда Марказ ва ФҲДЁ бўлимлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар маҳаллалар кесимида уйма-уй юриб фуқароларга ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш билан бирга махсус автобусда фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиб, ўша ернинг ўзида давлат хизматларини кўрсатишади”, - дейди ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев.

Балиқчи тумани Дўстлик маҳалласи жорий йилда "Обод қишлоқ" дастурига тушган бўлиб, куни кеча сектор раҳбарлари томонидан ҳудудда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига старт берилди.

Дастур ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида турли мутасадди ташкилотлар вакиллари хонадонма хонадон юриб фуқаролар билан суҳбатлашмоқда.

Ҳайрли ишга шерик ва елкадош бўлиш мақсадида туман Давлат хизматлари марказлари ходимлари ҳам Дўстликка махсус мобил хизмат автобуси билан етиб келишди.

Ходимларнинг бир қисми уйма уй юриб фуқароларга тарғибот тушунтиришларини олиб боришган бўлса, бошқалари эса автобусда фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиб, хизматлар кўрсатишди.

Шу ернинг ўзида 30 дан ортиқ фуқаролар мактабгача таълим муассасасига фарзандини жойлаштириш, пенсия миқдорини аниқлаш, солиқ тўловчининг идентификацион рақамини олиш, Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш, кадастр паспортини шакллантириш каби хизматлардан фойдаланишди.