Андижон 24

COVID-19: ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ


29.07.2020   3240

Иммунитет учун озуқа

Инсон ўз соғлигига доим эътиборли бўлиши зарур. Айниқса, ҳозир — бутун дунёда коронавирус жуда тез тарқалаётган пайтда. Асоссиз хавотирга тушиш ўрнига ҳар ким ўз иммунитетини мустаҳкамлаш чораларини кўриши керак. Буни эса овқатланиш рационига фойдали маҳсулотларни киритган ҳолда амалга ошириш мумкин.

Организмнинг иммун тизими саломатлигимиз қалқони саналади. Чунки иммунитет мустаҳкам бўлса, бетоб бўлмаймиз, руҳан ва жисмонан тетик юрамиз.

Табиий неъматлар фойдаси

Иммунитетни мустахкамлашда барра ва куритилган мева-сабзавотларнинг аҳамияти беқиёс. Фаст-фуд ва консервантлардан таркиб топган егуликлар эса организм ҳимоя тизимини қувватлантиришга қодир эмас. Шу билан бирга доим бир хил таркибдаги таомларни ейиш ҳам иммунитетни заифлашриради.

Организмда суюқлик миқдори етарлича бўлса, унинг ҳимоя тизими янада фаол ишлайди. Агар ҳазм тизимидаги муаммолар, тез-тез шамоллаш, тери тошмалари кузатилса, демак, организм керакли миқдордаги суюқлик қабул қилмаяпти. Шу боис ҳам маъданли ёки қайнатиб тиндирилган сув, ҳул ва қуритилган мевалардан шарбат тайёрлаб ичиш лозим. Организмдаги суюқлик танқислигини тери қуруқшаб қолиши, лаб ёрилишидан ҳам билиш мумкин.

Энг кучли ҳимоячилар

Саримсоқ ва лавлаги иммунитетни кўтарувчи энг кучли егуликлардир. Улар ҳатто ривожланиб келаётган саратон хўжайраларини йўқ қилиш ва силнинг олдини олишга ҳам қодир.

Антиоксидантлар ҳакида эшитгансиз. Улар турли касалликларни бартараф этишга хизмат қилади. Бу гуруҳга мансуб маҳсулотларнинг энг фойдалиси ўрмон мевалари, маймунжон, қулпнай, қорағатдир. Улар юрак қон-томир касалликларига қарши иммунитет ҳосил қилишда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, брокколи, сабзи, селдерей, гулкарам каби сабзавотлар ҳам организмнинг ҳимоя тизимини рағбатлантириши фанда исботланган.

Оқсилнинг каромати

Балиқ, гўшт, тухум, дуккакли маҳсулотлар оқсилга бой бўлгани боис таомномага киритилиши керак. Гўшт ва балиқдан тайёрланган таомларни алмаштириб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Ловияли салат ва димлама, мошкичири, мошхўрда каби миллий таомларимиз оқсил заҳирасини янада бойитиши аниқ.

Нонушта – кундузги қалқон

Кексаларимиз наҳорга бир сиқим ёнғоқни майиз билан ейиш минг дардга даво, дея бежиз айтишмайди. Мутахассислар эса худди шу егуликларга сариёғни ҳам қушиш керак, деган фикрда. Негаки ёнғоқ-майиз билан нонга суртиб сариёғ ейилса, ушбу маҳсулотлар фойдаси икки ҳисса ошади.

Нонушта асал ҳамда новвот бўлиши шарт. Новвотни аччиқдамланмаган чой билан ичган маъқул. Асал эса нонга суртилиб ейилади.Уни чойга аралаштириб ичиш нотуғри. Чунки асал ва чой бир-бирига қўшилса, таркиби ўзгариб, фойдасиз бўлиб қолади.

Куз-қиш мавсумида эса...

Куз-қиш фаслларида редиска, шолғом ва турпни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Бу сабзавотлар организмда моддалар алмашинувини яхшилайди, томирларда тромб ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунингдек, атеросклероз ва семиришдан ҳимоя воситаси ҳамдир.

Бодринг каттаю кичикка бирдек фойдали. Унинг таркибида холестеринни камайтирувчи моддалар мавжуд. Шу билан бирга танга қувват ҳам бўлади. Умуман, яшил рангли сабзавотлар, кўкатлар қонни кислородга тўйинтириш хусусиятига эга. Бундан ташқари, организмда азот алмашинувини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Соғлом турмуш тарзи

Иммунитетни мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий амал қилиш, яъни зарарли одатлардан воз кечиш керак. Шунингдек, ҳар куни бадантарбия машқларини бажариш, уйқунинг етарли бўлиши ҳам иммунитетни кучайтиради.

Ўз вақтида овқатланиш ўта муҳим. Нонушта, тушлик, толмачой ва кечки овқат ҳар куни бир вақтга тўғри келса, организмда кечадиган жараёнларнинг бари тартибга тушади. Кечкурун уйқу олдидан бир пиёла ёғсиз қатиқ ичиб ётиш эса иммунитет фаолиятини янада кучайтиради.

Газланган ичимликларни ёғли овқат билан қўшиб истеъмол қилиш тўғри эмас. Яхшиси кўк чой ичишдир.

Иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея тавсия этиладиган витаминларни фақат даволовчи шифокор маслаҳати билан қабул қилиш керак.

Гули Шайхова, профессор.

Тошкент тиббиёт академияси.