Андижон 24

COLLEGIUM HUMANUM: Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди


02.05.2023   698

Хабарингиз бор, 2021 йили Асака туманида Полша Республикасининг Варшава менежмент университети филиали ташкил этилган эди. Даргоҳда бир неча йиллардан буён Полша ҳамда Европанинг бошқа давлатларидан жалб этилган профессор-ўқитувчилар ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Дарслар рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Олийгоҳда менежментнинг турли йўналишлари, халқаро майдонда бизнес юритиш, ўз бизнесини бошқариш, транспорт ва логистика, инсон ресурсларини бошқариш, ахборот технологиялари, кибер хавфсизлик, молия ва бухгалтерия ҳисоби бўйича малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Бугун Collegium Humanum- Варшава менежмент университети ректори профессор Павел Чарнецкий ҳамда университет канцлери Михаил Глачиньскийлар филиалга ташриф буюрдилар. Тадбирда ушбу таълим масканида таълим олаётган талабалар, вилоятимизининг бир қатор ташкилот раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Музокаралар давомида институт ректор Павел Чарнецкий ҳамда Бобур номидаги халқаро фонд раиси – Зокиржон Машрапов, Андижон вилоят маъмурий суди раиси Муйдинжон Салимов, Андижон машинасозлик институти ректори – профессор Умиджон Турдиалиев, Андижон Давлат университети , Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Андижон педагогика институти вакиллари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

- Ҳозирги кунда технологиялар жадал ривожланаётган, умумбашарий воқеалар, янгиликлар ва ўзгаришлар тўла даврда яшаяпмиз. Айнан шундай замонда барчамиз ҳамжиҳатлик билан фаолият олиб борсак ,ўзаро алоқаларимизни тўхтатмасак, ишонаманки, ривожланишимизда ижобий силжишларга ва ютуқларга эришамиз, - деди жаноб Павел.

- Мен ҳурматли хамкорларимиз билан меморандум имзолашдан жуда мамнун эканлигимни таъкидламоқчиман. Бу ҳужжат сиз ва биз учун манфаатли бўлган хамкорликни ва биргаликдаги жамоавий лойиҳлар рўёбини амалга оширишга хизмат қилади. Ёш жамоамизнинг фаолият кўламини кенгайишига сизлар билан яқиндан алоқаларимиз ердам беради деган умиддаман. Ушбу учрашув бизнинг келгусидаги ишларимиз учун пойдевор бўлди десам янглишмаган бўламан.

Нуржаҳон