Андижон 24

ЧЎЗИЛГАН ҚЎРҚУВ. ҲОКИМЛАРНИ САЙЛАШ БЎЙИЧА ТАЖРИБА-СИНОВ ЎТКАЗИШ КЕРАК


18.06.2020   2919

Бошқарувни тубдан ислоҳ этмасдан, яъни фуқароларнинг ўзига ишончи, иродасини оширмасдан, қуйи поғоналардаги муаммоларни самарали ҳал этиб бўлмайди. “Менинг фикрим” порталида ҳокимларни сайлаш амалиётига ўтиш ҳақидаги петицияни 31 мингдан ортиқ ҳамюртимиз қўллаб-қувватлаганини эски хавотир кайфиятида эмас, хурсандчилик билан қабул қилиш керак.

Президент парламентга Мурожаатномада шу билан боғлиқ ғояни дадил ва аниқ айтди. Яъни, жамият ислоҳотларнинг асосий ташаббускорига айланиши лозим. Бу ғояга энг тўғри келадиган табиий ташаббуслардан бири ҳокимларни сайлашдир.

Бу масалада охирги пайтда икки хил қараш қайиқни қарама-қарши икки томонга тортаётгандек таассурот пайдо бўляпти. Биринчиси янгилик кутаётган бўлса, иккинчиси “ҳали эмас, вақти эмас”, деб панада туриб маслаҳатга, тормозга ошиқмоқда. Иккинчи томон очиқча фикр билдиришдан чўчиётгандек. Эҳтимол шунинг учун ҳокимларни сайлашга ўтиш ҳақида соғлом мулоқот йўқ. Ҳозир фақат биринчи томон гапиряпти, холос. Ҳар қандай ташаббус узоқ вақт жавобсиз қолиши тушкунликни чуқурлаштириши мумкин.

Одам умрида кўрмаган нарсанинг фойдаси ёки зиёни ҳақида тўғри фикр билдириши мумкинми? Ўзбекистонда ҳеч ким ҳокимларни сайлаш қандай бўлишини билмайди. Бу қандай натижаларга олиб келиши ҳақида ҳақиқатга энг яқин тахминни ҳам бера олмайди. Бунинг нималиги ва қандай бўлишини ҳаракатни бошлагандан кейингина билиш мумкин.

Нима учун ташаббус кутиляпти? Чунки амалдаги тизим ўсишга, юксалишга хизмат қилмаяпти, борган сари қотиб қоляпти. Шунинг учун ҳозирги тартибни сайлаш тартибидан яхшироқ деб айтолмаймиз. Айтсак ҳам ишонч билан асослай олмаймиз.

Кейин тушуниш қийин, ҳокимларни сайлаш мавзусидан қочиш орқали нимадан сақланмоқчи бўламиз ўзи?.. Ҳукуматнинг жойларда таъсири камайиши, қўли қисқаришиданми?..

Айрим туманларда муаммолар кучайиб кетгандан кейин ҳолатни ўнглаш учун ҳукумат томонидан “катта тез ёрдам” юбориляпти. Баъзи ҳудудларда ҳокимият бошқаруви деган тушунча моҳияти кучсизланиб кетган бўлиши мумкин. Нега “мумкин”, чунки бундай ҳолатларга ташҳис қўядиган тизим ҳозирча йўқ.

Баъзи бир туманларда ҳокимият бизнесга оид манфаатлар учун астойдил ҳаракат қиладиган уддабуронлар аҳиллашган тижорат ташкилотига ўхшаб қолмадими? Ҳоким(ият)ларнинг кластер(лар) билан тортишувлари кўп нарсани англашга ёрдам бериши мумкин. Ҳокимият манфаатга берилиб кетиши ёмон оқибатларга олиб келади.

Жойларда муаммолар кўпайса, ҳокимият фаол, яратаман, ишлайман, деб интилган одамларга қонун талаб қиладиган даражада шароит яратиб бериш масъулиятидан узоқлашса, давлатнинг бошқа идоралари фаолиятига таъсир кўрсатиб, ҳуқуқларга дахл қилса, вазият янада оғирлашиши мумкин.

Яна бир ўта эҳтиёткор, ҳар қандай янгиликка тўғри шубҳа билан қарайдиган тоифа борки, улар ҳокимларни сайлаш кескинликни ошириши, турли воситалардан фойдаланиш орқали тор манфаатларни ўйлайдиган нолойиқ кишилар ҳокимга айланиб олиши, хаос юзага келиши мумкин, деб ҳисоблайди. Тўғри, баъзи ҳудудларда шундай ҳолат рўй бериши мумкин.

Лекин ҳозир вазият ундан яхшироқми? Тор манфаатлар учун зимдан интилаётган, қимматли манбаларни самарасиз сарфлаётган, одамларнинг имкониятларини қирқаётган ҳокимлар йўқми?

Сайлов ким хоҳлаганини қиладиган тартибсиз, ёввойи жараён эмас. У билан боғлиқ қоидалар қонунда белгиланган, улардан четга чиқилганда ҳуқуқ тартибот идоралари қонун талаби ва ижросини таъминлай олади. Бу масалада кўнгилни кенгроқ тутиб муносабатда бўлишимиз керак.

Давлат дегани халқ тақдири билан уйғун, муқаддас тушунча. Давлатни манфаатлар эмас, қадриятлар тутиб турмаса... энг юмшоқ айтганда, уят бўлади. Муаммони тан олмаслик, кўз юмиш билан аҳволни ўнглаш мумкин бўлганда, кўп-кўп яхшиликлар кўриларди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун давлатчилигимиз асосларини ташкил этадиган қонунлардан бири. Уни ўқиб, вазиятни тушуниш учун катта олим бўлиш шарт эмас. Мазкур қонуннинг 24-моддасида халқ вакиллари – халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларига эътибор берилса, моҳият дарров тушунилади. Ваколатларнинг охири “кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш”, “тинглаш”, “тасдиқлаш”, “розилик бериш”, “эшитиш”, деган сўзлар билан якунланади. Халқ вакилларига ҳурмат шу сўзлар билан тугайди. Бундай меъёрлар қайғули эшитилади.

Маҳаллий даражада вакиллик ва ижро ҳокимияти муносабатларида тийиб туриш механизмини жорий этиш зарурати ошиб бормоқда. Депутатлар ҳокимга таъсир кўрсатиши бўйича таъсирчан механизмнинг йўқлиги ҳам жойларда ҳокимликлар фаолияти бўйича муаммоли ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Жойлардаги қийин вазиятлар тепадан ҳал этиб келиняпти. Лекин бу билан ўсиш бўлмаяпти. Ҳокимият маърифатли бўлмаган жойда одамлар маърифатли бўлишини кутиш қанчалик тўғри бўлади?..

Хуллас, гапирса, гап оз эмас. Фикрлар эса турлича. Бундай пайтда энг яхши чора синаб кўриб, тажриба қилиш. Демак, таклиф: инфратузилма имкониятлари ривожланган, яъни асосан йирик шаҳар ёки шаҳардаги туманларда ҳокимларни сайлаш бўйича эксперимент, яъни тажриба ташкил этиш керак. Бу жараён тўлиқ эркин, табиий шакл ва мазмунда бўлиши жуда муҳим.

Бундай тажриба-синов натижалари кенг ва чуқур таҳлил этилса, давлатчилигимизда янги даврни бошлаш бўйича ўта қимматли тажрибага эга бўлардик.

Сайловга хавотир билан эмас, янги имконият деган муносабат билан ёндашиш керак. Кўҳна дунё сабоғи уқтирадики, сайловли жамиятгина соғлом жамият бўлади. Жараёнлар, ҳаёт табиий бўлмаган жамият униб-ўсмайди, фикрлаш, интилишдан тўхтаб, бир жойда қотиб қолади.

Тўлқин Тўрахонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати раҳбари

Манба: УзА.