Спорт

ЧУВАМАДА СПОРТСЕВАРЛАР ЯШАЙДИЛАР


30.03.2019   359

Бу қишлоқнинг нафақат миришкор деҳқонлари, таниқли санъаткорлар, балкимашҳур спортчилариҳам танилган,республика, Осиё, Жаҳон чемпионлари етишиб чиққан.

Қишлоқ аҳли ҳар бир байрамда спортга ҳаётини бахш этган инсонларни ёдга олиб, уларнинг хотирасига бағишлаб спорт тадбирлари ташкил этади.

Наврўз арафасида ўтказилган яна бир тадбир ўтган асрнинг 68-йилида Чувама қишлоғида ташкил этилган "Антар" футбол жамоаси ва унда маҳорати, истеъдоди билан муносиб тўп сурган марҳум футболчи Алишер Юсупов хотирасига бағишланди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида катта дастурхон ёзилди. Оқсоқоллар, "Антар"нинг собиқ ўйинчилари, спорт фахрийлари таклиф этилдилар.

Туман шарафини ҳимоя қилган "Антар" жамоасида 1970 йилларда тўп суриб, ҳам бокс билан шуғулланган РустамжонЯхшибоев Алишер Юсупов билан Тошкент шаҳрида бокс мураббийи Жаксон хотирасига бағишлаб ўтказилган катта турнирда иштирок этганини ҳаяжон билан эслади. Ўшанда собиқ Иттифоқ таркибидаги 15 та давлатдан келган боксчилар турливазнларда рингга чиққан. Рустамжоннинг рақиблари 35 нафар эди. Уларни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритиб, хал-қаро спорт устаси бўлган.

Алишер Юсуповнинг яқин дўсти, ҳозир республикамизда боксни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли мураббий Марс Қўчқоров ҳамда "Антар" клуби фахрийлари сўзладилар. Бокс ва қўл жангги баҳслари ғолиблари аниқланди.Ўсмирлардан таркиб топган футбол жамоалари майдонга кириб келдилар. Андижон шаҳридан "Бўстон", "Академия-2004", "Пахтаобод-1", "Пахтаобод-2", "Чувама сити" ва "Пойтуғ" жамоалари ҳозир бўлдилар.

"Академия-2004" ва "Чувама сити" жамоалари финалда рўбарў келдилар. 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган "Чувама сити" шоҳсупага кўтарилди.

Марҳум футболчи Алишер Юсуповнинг ўғли, "Алишер Тошхонов" шоличилик фермер хўжалиги раҳбари, спорт байрамига ҳомийлик қилган Музаффаржон Юсупов томонидан таъсис этилган эсдаликсовғалари ва мукофотлар тақдим этилди.

Маҳмуджон

РУСТАМОВ.