Андижон 24

Чақирув-2018: ЁШ АСКАРЛАР ХИЗМАТГА ЙЎЛ ОЛДИ


24.02.2018   1408

Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбонда Ўзбекистон Республикаси қуролли Кучлари сафига йигитлик бурчини ўташга кетаётган аскарларни кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларни андижонлик, деган номга муносиб хизмат қилишга чақириб, Ватанни севиш, кўз қорачиғидек асраш йигит кишининг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда сўз олган ҳарбийлар, кексалар бугун ота-оналар кўзларида қувонч ёши билан ўғлонларини хизмат кузатаётганликлари, улар учун қисмларда барча шароитлар муҳайёлигидан кўнгиллари тўқ эканлиги ҳақида гапирдилар. Мустақилликдан олдин узоқ юртларга фарзандларини хизматга жўнатган ота-оналарнинг юз-кўзида хадик, қўрқув бўлганлигини эслаб, ҳозирги холат билан солиштирдилар.

- Ўғлимни ҳарбий хизматга муносиб топилганидан хурсандман, - дейди бахтиёр оналардан бири Ўғилхон Юнусова. - У ўзининг жисмоний ва ақлий салоҳияти билан яхши натижаларни қўлга киритишига ишонаман.

- Мен хизматда ота-онам, маҳаллам, Андижонимни номига доғ туширмай, фақат ютуқларни қўлга киритиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома билан келаман ва юртимизнинг ривожланиши, тараққий этиши учун ўқишда, ишда ҳам ўзимни курсатаман,- дейди Боқижон Юнусов. - Болаликдан дўстим Камолиддин Жамолиддинов ҳам мен билан бирга хизматга кетяпди. Иккимизнинг мақсадларимиз бир.

Шу куни ҳарбий хизматга 170 нафар андижонлик йигит тантанали тарзда кузатилди. Уларга тиланган тилаклар, қилинган дуолар, М. Юсуф номидаги мактаб ўқувчилари томонидан айтилган шеърлар куч, ишонч, Ватанни асрашдек муқаддас ишни бажаришда жасорат ва матонат бахш этиши шубҳасиз.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

Зуҳриддин Умрзоқов олган суратлар.