Андижон 24

Бюджет ва ижро: Маблағлар - халқ фаровонлиги учун


22.02.2018   2435

Мамлакатимизда тегишли дастурлар асосида юртимизни обод ва кўркам бўлишига, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Бу ишларни рўёбга чиқаришда белгиланган давлат маблағларидан ўринли ва омилкорлик билан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган йили маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, субвенциялар улушини камайтириш ва босқичма-босқич субвенциядан чиқариш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастурлар туманимизда ижобий самара берди. Уларга мувофиқ, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 82 та лойиҳа ишга туширилиб, 1257 та иш ўрни яратилди ва маҳаллий бюджетга 1 миллиард 42 миллион сўм қўшимча даромад туширилишига эришилди. Умуман олганда якунланган йил учун белгиланган даромадлар режаси 3 миллиард 555 миллион сўмга ортиғи билан уддаланиб, якуний кўрсаткич 104 миллиард 428 миллион сўмни ташкил қилди. Аввалги йиллардагига нисбатан даромадлар режа кўрсаткичида ҳар бир чоракда ижобий ўсишлар кўзга ташланди.

Туман маҳаллий бюджетининг 2017 йилга аниқланган харажатлар режасини ижросини тўлиқ таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Умумий таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга йўналтирилган маблағлар ижтимоий-иқтисодий тизимни равнақига, бу борадаги масалалар ечимини ҳал қилишга қаратилди. Маҳаллий ҳокимлик балансида бўлган 7 та кўчанинг ички йўллари, қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари, ижтимоий соҳа муассасаларини тегишли оргтехника воситалари билан таъминлаш каби мақсадлар учун маблағлар йўналтирилиб, дастурдан ўрин олган режаларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури доирасида туманимиз ҳокимининг жойлардаги сайёр учрашувларида бир қатор долзарб масалалар кўтарилганди. Уларни ижобий ҳал қилиш учун қўшимча маблағлар ажратилиб, тегишли мақсадларга сарфланди.

Жорий йилда маҳаллий бюджет солиқ тушумлари бўйича даромадлар режаси 115 миллиард 713 миллион сўм миқдорида белгиланди. У маҳаллий бюджетдан маблағ олувчи бюджет муасасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида маблағ билан таъминлашга қаратилади.

Бу йил ҳам мактабгача ва умумий таълим тизими ҳар доимгидай эътиборда бўлади. Мазкур тизимдаги муассасалар фаолияти учун 74 миллиард 232 миллион сўм йўналтириш режалаштирилди. Бу, ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўп демакдир. Соғлиқни сақлаш муассасаларига доир ҳаражатлар 4 миллиард 849 миллион сўмга кўпайтирилиб, 27 миллиард 896 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Шунингдек, бошқа соҳаларга қилинадиган ҳаражатлар миқдорини 40 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда. Мазкур рақамлар мамлакатимизда халқ манфаатларига йилдан йилга эътибор кучайтирилаётганлидан яққол далолат беради.

2018 йил учун туман ҳокимининг захира жамғармаси маблағидан Ҳақиқат қишлоқ врачлик пункти, 6-умумтаълим мактаби, 13-мактабгача таълим муассасаси биноларини жорий таъмирлаш ишлари олиб бориш режага киритилди. Ажратилган маблағлар доирасида маҳаллий ҳокимлик балансида бўлган 16 та кўчада ички йўлларини таъмирлаш учун 923 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланмоқда. Қисқача айтганда, жорий йилимизда ҳам улуғвор мақсадлар кўзда тутиляпти ва буларнинг барчаси юртимизни янада обод, халқимиз турмуш тарзини фаровон бўлишига хизмат қилади.

Улуғбек ЖЎРАЕВ,

Андижон тумани молия бўлимининг бошлиғи.