Андижон 24

БЎЗЛИК ЁШЛАРГА 5 МИНГ ДОНА КИТОБ СОВҒА ҚИЛИНАДИ


13.04.2019   3009

Бўзда туман прокуратурасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туман ҳокими Иномжон Мамадалиевнинг маълум қилишича. янги бинода прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг ва Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимлари жойлашган. Қурилиш ишларини Рустамжон Ҳожибоев бошчилигидаги «Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш» хусусий корхонаси бинокорлари амалга оширган. Бунинг учун 5 миллиард 407 миллион сўмлик маблағ сарфланган.

Бинонинг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этган болажонлар Ватан, Мустақиллик, ёшлик бунёдкорлик, китобхонлик ҳақида шеърлар айтишди. Фольклор ансамбли ҳаваскорлари манзур қўшиқлар ижро этдилар. «Болаларга китоб беринг!» ҳайқириғи янгради.

Болажонларнинг китобга бўлган иштиёқидан руҳланган вилоят раҳбари шу куни бўзлик йигит-қизларга 5 мингта китоб, санъат ривожланиши учун миллий чолғу асбоблари совға қилишини билдирди.

Шу куни Янгиобод, Кўҳинур маҳаллаларидаги Хайрулло Нуралиев, Мирзохид Ортиқов оилаларига намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг сертификатлари топширилди.

Чорвадор маҳалласида истиқомат қилувчи чевар Жумагул Олломуродовага замонавий тикув машинаси, мактаб ўқувчиларига китоблар жамланмалари, чолғу асбоблари туҳфа қилинди.

«auz.uz» online гуруҳи.