Андижон 24

БУЗИЛИШЛАР ҚОНУНИЙ БЎЛАДИ


16.12.2019   752

Бугунги кунда барча жойларда бўлгани каби вилоятимизда ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Эски бинолар ўрнига муҳташамлари қурилмоқда. Бу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино, иншоотлар жойлашган ер участкаларини олиб қўйилишига тўғри келмоқда. Натижада уларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда.

Мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш, етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан ер участкалари олиб қўйилиши ва унда жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Эндиликда ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганида ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади. Дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади. Ресурслар етарли ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Навбатдаги жараёнда баҳолаш ишлари олиб борилади, компенсация тури, миқдори, бериш муддати келишилади ва нотариал тартибда тасдиқланади. Келишилган компенсация берилмаса кўчмас мулклар бузилишига йўл қўйилмайди.

Қарор лойиҳаси адлия органларига юборилади. Мутахассислар компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганиб, ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади. У ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши назарда тутилган.

Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга Келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки Келишув (назарда тутилган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади. Сотиб олган мулкдор мазкур Низомга мувофиқ аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади. Мазкур тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Хайрулло АҲМЕДОВ,

Избоскан туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси.