Андижон 24

Буюк ўзгаришлар остонасида: ИНСОН ҚАДРИ, ҲАЁТ ФАРОВОНЛИГИ, ОДАМЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ ХАЙРЛИ ҲАРАКАТЛАРИМИЗНИНГ БОШ МАҚСАДИДИР


02.01.2022   1215

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВнинг

«Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти Бош муҳаррири саволларига жавоблари

- Ҳурматли Шуҳратбек Қўшақбоевич, йил бошида, улкан режаларнинг остонасида турибмиз. Ортга назар ташлаб, сарҳисоб қиладиган бўлсак, одамларнинг дунёқараши ўзгараётганини, уларнинг ҳаётдан розилигини, ҳар бир андижонлик Янги Ўзбекистон, Янги Андижонни бунёд этиш завқи билан яшаётганини кўрамиз.

- Бутун дунё пандемик шароитда иқтисодий таназзултаҳликасида яшаётган бир пайтда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли халқимиз аҳиллик, қатъий тартиб-интизом билан коронавирус балосини жиловлаб турибди. Мана шундай вазиятда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий соҳаларда ютуқларга эришиш улкан жасорат. Бунинг учун етмиш икки томирида ишбилармонлик жўш уриб турган меҳнатсевар, зукко Андижонимиз аҳлига миннатдорлигимни билдираман.

Сарҳисоб қилсак, синов ва машаққатларга бой йилда барча соҳаларда ижобий ўзгаришларга эришдик. Саъй-ҳаракатларимизнинг аҳамияти ва қимматини атрофимиздаги бунёдкорлик ишларидан кўриб-билиб турибмиз. Эндиликда одамларнинг тафаккури, ҳаётга, атрофда юз бераётган барча воқеаларга муносабати ўзгарди. Ислоҳотларга ишонч билан қараяпти.

- Йил сўнггида вилоят аҳлига қилган Мурожаатингиздан ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди, қўйингки, ҳар бир фуқаро ўзига тегишли вазифаларни белгилаб олди, десам янглишмайман.

- Одамларни рози қилиш - осон иш эмас. Фуқароларга муносиб турмуш шароитини яратиш, инсон қадр-қиммати ва ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун янги режа ва янги дастурларни амалга оширишимиз зарур.

Аввало, вилоятни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажаришга давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилганини таъкидлаш жоиз. Ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш асосий вазифаларимиздан.

Ўтган йил бошида 150 минг нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашни олдимизга мақсад қилган эдик. 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 200,5 минг нафар ишга муҳтож фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ҳозирда, статистик маълумотларга кўра, вилоятда ишсизлар сони 138,5 минг нафар, хорижга ишга кетганлар 205 минг нафар ҳамда илк маротаба меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар 51,6 минг нафарни ташкил этмоқда. Шундан келиб чиқиб, 5 та йўналишда 191 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдик. Амалга ошириладиган ишлар натижасида йил якунигача ишсизлик даражаси 9,5 фоиздан 8,7 фоизга камайишига эришилади.

Ўтган йилда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарийб 142 минг нафар кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетдан 480 миллиард сўм ижтимоий нафақалар тўлаб берилди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарорлари билан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун вилоятдаги 10 минг 641 та оиланинг 22 минг 506 нафар 18 ёшгача бўлган фарзандларига 11 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари ажратилди.

Янги йилда ҳам бу хайрли ҳаракатлар тўхтамайди. Маҳаллий бюджетдан ижтимоий нафақаларни молиялаштириш учун икки баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилган.

- Яна бир жиҳат, ўзини-ўзи банд қилиш орқали оилаларда кичик тадбиркорлик тизими такомиллашмоқда. Маҳаллаларнинг маълум бир йўналишга ихтисослашувини кузатяпмиз. қайсидир қишлоқ гул етиштиришга мослашган бўлса, яна бири асалари, яна бири қуён, парранда боқяпти.

- Хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оиланинг ўй-ташвиши, қизиқишлари, режалари билан яқиндан танишиш тизими йўлга қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий паспорти яратиляпти. Бунда янги тизим - ҳоким ёрдамчиларининг масъулияти талаб этилади.

"Темир дафтар"га киритилган оилалар, уларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича кўрилган чоралар ўз натижасини бермоқда. Манзилли ишлар натижасида 5 минг 724 нафар ишсиз оила аъзоларининг бандлиги таъминланди. 195 та оилага тижорат банклари томонидан 3 миллиард 156 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Даромади оширилиши ҳамда ижтимоий муаммоларининг ҳал қилиниши ҳисобига беш мингдан зиёд оила эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди.

"Аёллар дафтари"га киритилган 24,8 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 19 мингдан зиёд тадбиркорлик истагидаги аёлларга 236 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 335 нафар аёл имтиёз асосида уй-жой билан таъминланди. Бу ишларни тизимли давом эттириш мақсадида 3-босқич хатлов ишлари олиб борилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги йилда "Аёллар дафтари" га киритилиши режалаштирилаётган 24 мингдан зиёд аёлга амалий ёрдам кўрсатилади. Уй-жойга муҳтож 200 нафардан ортиқ хотин-қизга янги уй-жойлар учун бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилади. 25 минг 380 нафар ёш"Ёшлар дафтари" га киритилиб, ишга жойлаштирилади. Кредит ва ер ажратиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилади.

Умуман, "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Аёллар дафтари"га киритилган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда 82,5 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади.

-Бугунги кунда камбағалликни қисқартириш устувор вазифалардан бири бўлиб турибди. Бу борадаги ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

-Вилоятдаги ривожланишда орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси юқори бўлган 210 та оғир маҳаллада ўтказилган учрашувларда қарийб 130 минг хонадон вакиллари иштирок этиб, турли йўналишларда ёрдам кераклигини билдирган эди. Ушбу ҳудудларда аниқ режалар асосида даромадни ошириш бўйича 4 та йўналишда иш ташкил этилди.

Президентимизнинг ташаббуслари билан янги йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш мақсадида ҳоким ёрдамчилари орқали томорқаси бор хонадонларга 100 бошдан парранда, 20 бошдан қуён, 5-6 бошдан қўй-эчки, 5-10 бошдан курка ва 5 тадан асалари уяси тарқатиб, боқилишини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу ишларни йўлга қўйиш мақсадида 870 та маҳаллада паррандачилик кооперативлари ташкил этилади.

Бу борада аҳоли хонадонларига 100 бошдан парранда тарқатиш бўйича ишлар 3 босқичда амалга оширилади. Ташкилот ва муассасаларда ишловчи эҳтиёжманд ишчи-ходимларнинг оиласидаги ишсизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромадини ошириш мақсадида қарийб 1 миллион бош парранда тарқатилади.

Жорий йилда, вилоятимизнинг "ўсиш нуқталари"дан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий-иқтисодий дастурларимиз асосида қиймати 10,8 триллион сўмлик 492 та (саноатда 296 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 129 та ва қишлоқ хўжалигида 67 та) лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 44 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди. Бунда, айниқса, юқори салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва маҳаллий саноат - драйвер соҳаларга айланмоқда.

Вилоятимизнинг драйвер соҳалардан бири текстил-тўқимачилик саноати бўлиб, ташкил этилган 13 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналаридан 3 тасида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган цикл яратилган бўлса, бу йил уларнинг сони 6 тага етказилади.

Шунингдек, вилоятимизнинг иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшадиган йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Хусусан, камида 1000 тадан иш ўрнига эга 15 та йирик лойиҳада қурилиш ишлари бошланди.

Маррани баланд олганмиз. Германия, Хитой, Туркия, Хиндистон, Жанубий Корея, Россия, Сингапур ва бошқа давлатлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 375 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, умумий қиймати 253 миллион доллар бўлган 16 та йирик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳа ишга туширилади ва пировардида 6 мингта иш ўрни яратилади.

2022 йилда вилоятимизда 680,8 миллион долларлик (573 млн доллари саноат маҳсулотлари ҳамда 107 млн доллари мева-сабзавот) экспорт амалга оширилиб, 2021 йилга нисбатан 116 фоизга ўсиши кўзда тутилмоқда. Экспорт фаолиятига қўшимча 36 та янги корхонани жалб этиш ва улар томонидан 20 млн. долларлик экспорт амаллари бажарилади. Шунингдек, 14 хилдаги янги маҳсулотларни экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

Кичик саноат зоналарини ривожлантириш ва янгиларини ташкил этиш тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Вилоятдаги мавжуд 22 та (152 га) кичик саноат зоналаридажами 394 та (909 миллиард. сўмлик, 9375 та иш ўрнига эга) лойиҳалар жойлаштирилган. Шундан, ҳозирга қадар 483 миллиард сўмлик 260 та лойиҳа ишга туширилиб, 5,4 мингта янги иш ўринлари яратилди. Йил якуни билан қўшимча 47 та (77 миллиард сўмлик) лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 2 минг та янги иш ўринлари вужудга келтирилади. Ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп, яъни 325 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, шунингдек, 13,5 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга юборилиши кутилмоқда.

Ортда қолган йилда 93 гектар ер майдонига эга 20 та "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари" лари ташкил этилди. 2022 йилда кичик саноат зоналарида ҳамда ёшлар саноат зоналарида (720 миллиард сўмлик) жами 660 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 10 мингта янги иш ўрни яратилади.Яна 83 гектар ер майдонида 15 та янги кичик саноат зонасини ташкил этишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. 2022 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан жами 4,6 триллион сўм, шундан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 855 миллиард сўм миқдорида бўлган имтиёзли банк кредити маблағлари ажратилади.

Маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, фойдаланишга топшириладиган ижтимоий соҳа объектлари, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар доирасидаги инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ишлаб чиқишда, аввало, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар, шунингдек, аҳоли вакиллари билан бевосита келишган ҳолда 32 та оғир маҳалла танлаб олинди ҳамда Халқ депутатлари Кенгашларида маъқулланди. Ушбу ҳудудларда қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши натижасида 20 минг 820 та хонадоннинг яшаш шароити яхшиланади.

Аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлмоқда. Бу борда вилоятда "Янги тартиб" асосида жами 5 минг 83 та хонадонли 183 та кўп қаватли уй-жой қурилиши якунига етказилмоқда.

- Янгиланаётган Андижон йирик қурилиш майдонига айланаётганига гувоҳмиз. Бу жараёнлар вилоятнинг ҳар бир гўшасида намоён бўлаётгани қувонарли.

- Кейинги йилларда Андижон шаҳрининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, мамлакатимизнинг энг гўзал ва обод шаҳарларидан бирига айланмоқда. Одамларимизнинг уйлари, ҳаёти, турмуши гўзал ва фаровон бўлиши шарт, деб ўйлайман.

I чоракда132 та уй-жой фойдаланишга топширилади. Бунинг натижасида 15 мингдан зиёд аҳоли уй-жойлар билан таъминланади. Умуман олганда, 2022 йилда ипотека кредити асосида жами 161 та (4374 хонадон) кўп қаватли уй-жойлар қуриш кўзда тутилмоқда.

Ҳозирда уй-жойлар қурилиши бўйича ташқи муҳандислик тармоқларига ва инфратузилма объектларига яқин бўлган 24 гектар экин ерига кирмайдиган ҳудудлар танлаб олинди. Шундан, "Янги Андижон" шаҳрида 11,4 гектар ер майдонида 74 та (1962 хонадон) кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланди.

Ушбу массивда 1680 ўринли мактаб, 320 ўринли боғча, 250 ўринли оилавий поликлиника, "Бест Инвест" МЧЖ томонидан 2 мингта иш ўрнига эга бўлган текстиль фабрикаси қурилиши амалга оширилмоқда. Шунингдек, Андижон "Индекс" савдо маиший мажмуасида қурилиш-монтаж ишлари 65 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, Бош режага асосан, "Янги Андижон" шаҳрида бокс академияси, олий таълим муассасаси қурилиши бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

- Ҳаётимиз, соҳалар ривожланиб, янгиланиб бораяпти. Демак, салоҳиятли кадрларга талаб ортади.

- Мамлакатимиз раҳбари эътироф этганларидек, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади. Биз барча босқичдаги таълим муассасаларига эътиборни кучайтиришимиз зарур. Бугун мактаб битирувчиси ўзининг иқтидори ва қизиқишига мос касбни танлаши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун "касбга йўналтириш тизими" яратилди. Ўтган йили битирувчиларнинг 13 фоизи олийгоҳларга ўқишга кирган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 26 фоизга етди (9,5 минг нафар). Бу дегани ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Соҳада жиддий ўзгаришлар ясашимиз, ўқитувчи ва мураббийларнинг билим ва малакаларини оширишимиз лозим.

Таълим-тарбия масаласига комплекс ёндашган ҳолда, боғча, мактаб таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор бериляпти. Вилоятдаги мавжуд 8 таолий таълим муассасасида 50 мингга яқин талаба қамраб олинган. 2022 йилда давлат-хусусий шерикчилик асосида 4 та 1800 ўринли талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилади ҳамда ётоқхона билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, вилоятда Андижон чет тиллари институти, Само кластер инновацион технологиялар институти, Ҳиндистон давлатининг Глокал унивeрситeти ҳамда АТ технологиялар университети фаолияти йўлга қўйилади.

2022 йилда оптик толали алоқа тармоқлари узунлигини 5,3 минг километрдан 12 минг километрга, шунингдек, АТ мактаблар сони 6 тадан 12 тага етказилади. Барча аҳоли масканларида кенг полосали мобил алоқа ва интернетга уланиш имконияти қамрови даражасини 95 фоиздан 99 фоизга етказилади. Жаҳон билан бўйлашиш учун дунё тан олган таълим стандартларини жорий этишга аҳамият қаратяпмиз. Курраи заминга тафаккур дурдоналарининг энг сараларини берган буюк аждодларнинг вакиллари учинчи ренессансда ҳам ўзлигини намоён этишига ишонаман.

- Барча ислоҳотлар аввало, инсон учун. Шундай экан, унинг саломатлигини муҳофаза қилиш биринчи галдаги вазифалар сирасига киради. Сизнинг ташаббусингиз билан корхона ва ташкилотларда, ҳар бир меҳнат жамоасида пиёда юриш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида раҳбарлар ўзлари ўрнак бўлишга интилмоқда.

- Бу борадаги мулоҳазаларимни тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлардан бошласам. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг тиббий хизматлардан розилигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш учун 60 та оилавий поликлиникага УЗИ ва ЭКГ аппаратлари етказиб берилди. Шунингдек, ихтисослашган тиббиёт марказлари учун замонавий тиббий ускуналар келтирилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг бинолари капитал таъмирланди. Марказда кўз касалликлари бўйича юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ушбу муассасада сунъий қон айлантириш аппаратлари орқали очиқ юрак операциялари ўтказилмоқда.

Кардиология марказида, клиника ва "Импулс клиник" хусусий шифохонасида беморларда ангиография, коронарография ва юрак тож томирларини стентлаш амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди. Онкология марказида Нур терапия бўлими иш бошлади, шунингдек, мобиль маммограф билан таъминланиб, жойларда аёлларни скрининг текширувдан ўтказиш имконияти яратилди. Хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланаётганлиги туфайли одамларнинг оворагарчилиги кундан-кунга қисқариб бормоқда.

Тизимда қилинаётган амалий ишлар билан бир қаторда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар мавжудлиги бизни ташвишга солади. Масалан, патронаж хизмати, кадрлар танқислиги, тиббиёт муассасаларининг замонавий тиббий анжомлар билан таъминланиш даражасида муаммолар бор.

Камчиликларни бартараф этиш юзасидан саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш, аҳолининг тиббий хизматдан рози ёки норозилигини билиш мақсадида сўровнома ўтказилди. 1 миллион 600 мингреспонтент фикри соҳада қилишимиз зарур бўлган ишларимиз кўплигини, айнан қайси ҳудудда, қайси нуқталарга аҳамият беришимиз зарурлигини янада ойдинлаштириб берди.

Ҳозирги кунда вилоятда барча шароитга эга жами 5 минг 279 та спорт иншооти мавжуд. Умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларида соат 16.00дан 23.00га қадар аҳолининг барча қатламлари томонидан фойдаланиш тизими йўлга қўйилган. "Саломатлик йўлаклари", "Велосипед йўлакчалари" ваворкаут майдончалари ташкил этилган."Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори остида пиёда ва велосипедда юриш тадбирлари, спорт мусобақалари ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларни яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қисқа вақт давомида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида "Соғлом турмуш тарзи" платформасида вилоятимиз 9-ўриндан - 4-ўринга, водий вилоятлари орасида эса 1-ўринга кўтарилди (Фарғона вилояти 5-ўрин, Наманган вилояти 11-ўрин).

Саломатлик биринчи навбатда ҳар бир инсоннинг ўзига керак эканлигини чуқур англаган ҳолда, бу борадаги ишларни кучайтиришимиз зарур. Энг соғлом маҳалла аҳли учун мукофотлар таъсис этганим ҳам бежиз эмас.

Шиддат билан ўзгариб бораётган замон, келгуси йил учун мўлжаллаган режаларимизнинг миқёси ва кўлами ҳар бир кун ҳар бир соатдан юксак унум билан фойдаланишни тақозо этади.

Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни режалаштираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона ва улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдан иборат.

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, бундай улуғ мақсадларга ўз-ўзидан, қуруқ ва баландпарвоз гаплар билан эришиб бўлмайди. Юксак марраларни фақат тинимсиз изланиш, ҳалол ва фидокорона меҳнат билан қўлга киритиш мумкин. Мен бугунги режаларимизда белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда, Андижон фидоийларининг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, бутун Андижон халқини Янги йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Эзгу мақсадларимизга эришиш йўлида барчангизга куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.