Хорижда

БУЮК ХИТОЙ ДЕВОРИ МАҲАЛЛИЙ САЙЁҲЛАР УЧУН ОЧИЛДИ


29.03.2020   3768

Хитойда кўпгина соҳалар қатори туризм ҳам аста-секин тикланиб боряпти. Куни кеча ҳукумат Буюк Хитой деворининг бир қисмини сайёҳлар учун очишга қарор қилди.


Ҳозирча мазкур тарихий-маданий объект айрим чекловлар билан ишлайди. Яъни, биринчидан фақат “Бадалин” деб номланган, энг аввал қад кўтарган ва жуда машҳур ҳисобланган бўлимни томоша қилиш имкони яратилди. Қолаверса, сайёҳлар сонига нисбатан суткасига 20 минг кишини назарда тутувчи кунлик квота белгиланди.

Девор ҳудудига киришда сайёҳ шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва саломатлиги тўғрисидаги электрон маълумотномани кўрсатиши, албатта тиббий ниқобда бўлиши шарт. Барча келувчиларнинг иситмаси ўлчанади.

Қарор фақат Хитойда яшайдиган шахслар учун амал қилади. Зеро, 2020 йил 28 март кунидан мамлакатга, гарчи виза муддати тугамаган ёки вақтинчалик яшаш гувоҳномаси мавжуд бўлса-да, хориж фуқароларининг кириши вақтинча тўхтатилган. 24, 72 ва 144 соатлик визасиз транзит тартиби ҳам вақтинча бекор қилинган.

Эпидемия устидан ғалаба қозонилган бўлса-да Хитойда вируснинг бошқа мамлакатлардан кириб келишидан ҳавфсирашмоқда.

Бинобарин, Хитой ОАВ хабарига кўра, Хайнанда туризм саноатини қўллаб-қувватлаш дастури йўлга қўйилди. Мазкур орол-провинция ҳукумати ҳудуддаги туризмга ихтисослашган компаниялар фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион юань (тахминан 20 миллион доллар) ажратди.

Ушбу дастурдан 30 га яқин чора-тадбирлар ўрин олган. Жумладан провинция салоҳиятини халқаро миқёсда илгари суриш ҳам кўзда тутилган.

Масалан, шу йилнинг ўзидаёқ Хитой ҳукумати биринчи Хайнань халқаро яхталар намойишини ўтказиш ниятида.

Манба: uza.uz