Андижон 24

БУТУНЖАҲОН САЛОМАТЛИК КУНИ АНДИЖОНДА КАТТА ТАНТАНАЛАР БИЛАН НИШОНЛАНМОҚДА


07.04.2019   6390

Андижон шаҳрининг Амир Темур ва Шароф Рашидов шоҳкўчалари кесишмаси эрталабдан вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалари ходимлари, таълим даргоҳларининг талаба ва ўқувчи ёшлари, шаҳар ва туманлардан келган 40 мингга яқин аҳоли вакиллари билан гавжум бўлди.

«Пиёда юриш гимнастрадаси» олдидан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов йиғилганларни Бутунжаҳон саломатлик куни билан муборакбод этиб, юришга старт берди.

Бугунги тадбир пиёда юриш билан бошланаётгани бежиз эмас. Зеро, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларнинг жисмоний фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу Президентимиз томонидан жорий йилнинг 19 мартида видеоселектр йиғилишида илгари сурилган Бешта муҳим ташаббусда ҳам ўз аксини топган.


Гимнастрадани велосипедчилар гуруҳи бошлаб берди. Сўнгра уларнинг ортидан тиббиёт ходимлари ва ёш спортчилар соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликка чорловчи шиорлар кўтарган ҳолда юрдилар.

Шаҳдам қадамлар ташлаб бораётган юртдошларимизни суҳбатга чорладик.

- Саломатлик куни доирасида шаҳар ва туманларда меҳнат қилаётган раҳбар аёллар спартакиадалари ташкил этилди, - дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Нодира Абдураҳмонова. – Унинг иштирокчилари спортнинг бир неча турлари бўйича беллашиш асносида ўзларининг соғлигига бефарқ эмасликларини намоён этишди.

Юриш иштирокчилари Шароф Рашидов, Алишер Навоий, Ислом Каримов шоҳкўчалари бўйлаб, 10 километр масофани босиб ўтишиб, Эски шаҳардаги Регистон майдонига кўтаринки руҳда кириб келдилар.

- Ёшим 72 га кирди, - дейди Турғунбой ота Муҳаммадзоҳидов. – Ҳозиргача спорт билан мунтазам шуғулланганим учун чарчоқ хис этмадим. Қолаверса, велосипед менинг доимий ҳамроҳим. Бу аввало ўз соғлигим учун зарурлигини тушунаман ва бошқаларга тавсия этаман.

«аuz.uz» онлайн гуруҳи.