Андижон 24

БЎШ ТУРГАН ВА ПАСТ САМАРАЛИ ОБЪЕКТЛАР ТЎЛИҚ ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИЛИБ, ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМАСИ ЯРАТИЛАДИ


24.06.2021   786

Бугунги видеоселектор йиғилишида хусусийлаштирилган объектлар самарадорлигини ошириш борасидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида аввал бўш турган 11 мингта корхона фаолияти тикланган. Мисол учун, узоқ муддат давомида бўш турган собиқ “Андижон Маш” корхонаси негизида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 24 та янги корхонада мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Худди шундай ишлар Тошкент шаҳридаги “Технопарк”, Фарғонадаги “Механика заводи”да ҳам амалга оширилган.

Андижон вилоятига ташриф чоғида аввал хусусийлаштирилган объектлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари айни пайтда республика бўйича 19 мингта бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган объектлар мавжуд эканини маълум қилди.

Йиғилишда бир ой муддатда бўш турган ва паст самарали объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, электрон платформасини яратиш вазифаси қўйилди.

Вилоят ҳокимлари бошчилигидаги комиссия ҳар бир объектга шахсан ўзи бориб, тадбиркорлар билан учрашиб, аниқ чораларни белгилаган ҳолда, лойиҳаларни амалга ошириш учун кўмак ва амалий ёрдам беришлари зарурлиги таъкидланди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарларига ҳар бир ишламаётган бундай объектлар номма-ном бириктирилади ва йил якунига қадар камида 150 минг янги иш ўрни яратишга масъул ва жавобгар бўлади.

Манба: uza.uz