ЖАМИЯТ

Буни ҳамма билиши керак: КИБЕР ХАВФСИЗЛИК НИМА?


19.12.2020   5897

Ҳеч ҳисоблаб кўрганмисиз, кун давомида неча бор интернет тармоғига кирасиз? Кўпчилик уйқудан уйғонибоқ, телефонини қўлга олиб, ижтимоий тармоқларга кўз ташлайди, тунда уйқуга кетиш олдидан глобал тармоқда яна “сайр” қилмасдан кўзини юммайди. Шундай эмасми? Янгиликлардан, воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлар эканмиз, дарҳол уни танишларга жўнатамиз.

Юртимизда ахборот коммуникация технологиялари ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, ахборот хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланиб бормоқда. Ҳаётимизга киберхавфсизлик тушунчаси кириб келди. Киберхавфсизлик бу – тасодифий ва атайин қилинган ахборий ҳужумлардан ҳимояланиш демакдир. У кўп қиррали фаолият соҳаси бўлиб, унга фақат тизимли ва комплекс ёндашув муваффақият келтириши мумкин.

Ушбу тизимнинг мукаммал бўлмаганлиги оқибатида бир неча ўн йиллар давомида АҚШ, Германия, Россия, Эрон ва Украина давлатларининг ахборот тизимларига киберҳужумлар амалга оширилган.

Фуқароларни киберхужумлардан ҳимоялаш учун оммавий ахборот воситаларида, ахборот тарқатувчи қурилмаларда ва электрон пул ўтказмалари жараёнларида ҳимояловчи код (парол)лар воситасида фойдаланиш зарур. Ушбу код сир сақланиши, қурилмалардаги антивирус дастурлари доимий равишда фаоллаштириб борилиши керак.

Рақамли иқтисодиётга аста-секин ўтаяпмиз. Маълумотларни сақлаш, етказиш ва қайта ишлашда хавфсизлик ва барқарорлик муҳим омил ҳисобланади. Бу борада, айниқса, давлат органлари ходимларидан маъсулият ва эътибор талаб этилади. Ташкилотлараро ҳамда ходимлар ўртасида маълумотлар алмашиш жараёнида телеграмм ижтимоий тармоғидан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш керак. Бунинг ўрнига uz домени остидаги сайтлар ва почталардан фойдаланган маъқул. Интернет тармоғидан келаётган маълумотлар оқимининг ҳаммасиниҳам ҳаққоний деб бўлмайди. Чет элларнинг ўзига оҳанграбодай ром этувчи бўлар-бўлмас сайтларига “бош суқмаганингиз” маъқул.

Аҳоли, ёшлар ўртасида, жамоаларда киберхавфсизлик мавзусидаги семинарлар ташкил этиш лозим. Бу каби тадбирлар дастур бузувчи(хакер)ларнинг мунтазам равишда бўлиб турадиган кичикхужумларини бартараф этишга ёрдам беради.

Жалолиддин АБДУКАДИРОВ,

вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқарма ахборот технологиялари ва хафсизлиги бош мутахассиси