ЖАМИЯТ

БУНДАН КЎРА, САЛОМЛАШМА – ТАМОМ!


21.04.2020   696

Эндигина ишдан қайтаётгандим. Ёнимдан бир тўп ўқувчилар гуриллаб ўтишди. “Саломалейкум”, деб салом берди охирги ўтгани. Очиғи, жаҳлим чиқди. Саломни бузиб айтгани яхши эмасда! Сал нарироқда икки ўспириннинг бошини бошига уриштириб саломлашганига гувоҳ бўлдим. Беихтиёр дилимдан “Бундан кўра, салмлашгани маъқул эди. Салом деган ҳурматни бузиш нимаси?” деган хаёл ўтди. Бу кейинги вақтларда одатий ҳолга айланди. Лекин биз ўқитувчилар дарс жараёнларида фақат фанимизга оид мавзуларни тушунтириш билан чекланмай, маънавият масаласига ҳам тўхталишимиз лозим. Бошланғич синф ўқитувчиман. Ўқувчиларимнинг мактабнинг илк синфларидан тўғри саломлашишга ўргатаман. Кези келса, қаттиқ талаб ҳам қиламан. Албатта, бу уларнинг кейинги йўлларида ҳам асқотади, деб ҳисоблайман.

Аслида саломлашиш миллий қадриятларимизнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. “Ассалому алайкум” арабча сўз бўлиб, “сизга соғлик, омонлик тилайман” деган маънони англатади. Кишиларнинг саломлашиш орқали ўзаро самамий муносабатда бўлиши, бир-бирларига яхшилик тилаши дунёдаги барча халқларга хосжиҳатдир. Гарчи уларнингёзилиши ва айтилиши ҳар хил бўлса-да, маъно ва моҳияти ўхшаш. Саломлашиш бекаму кўст адо этилса, таъсири шу қадар кучли бўлади. Салом берувчи ва алик олувчи саломлашиши қоидаларини тўла ва чиройли адо этишлари эса инсоннинг одоб-аҳлоқини кўрсатувчи мезон ҳисобланади. Шунинг учун ҳам гўдак туғилиб, тетапоя қилган вақтидан бошлаб, бу одобни сингдириш зарур.

Халқимизда “Жанжаллашиб қолган одамларни салом-алик муросага келтиради”, деган гап бежиз айтилмаган. Ота-боболаримиз салом-аликни ҳамиша биринчи ўринга қўйганлар. Яқинми, узоқми, танишми, нотанишми саломни канда қилмаганлар.

Саломлашиш соф ва тўғри талаффуз асосида бўлиши керак. Унда ҳикмат кўп. Афсуски, бугун айрим ёшларимиз буни у қадар ҳис қилмаяптилар. Очиғи, уларнинг ғалати ҳолатлардаги кўринишлари, турли-туман сўзларни айтиб сўрашишларидан энса қотади.

Маънавиятнинг бир кўриниши бўлган бу одоб мезони аслида бир-биримизга омонлик, саломатлик тилаш экан, уни бузиб талаффуз қилишдан чекиниш даркор.

Дилафруз ТУРДИОХУНОВА,

Андижон шаҳридаги 13-ИДУМ ўқитувчиси.