Андижон 24

БУЛОҚБОШИДА УМУМИЙ ҚУВВАТИ 2.2 МЕГАВАТТ БЎЛГАН ГИДРОЭЛЕКТРОСТАНЦИЯ ИШГА ТУШИРИЛДИ (+ФОТО)


28.08.2019   2845

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Булоқбоши туманидаги Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қайта модернизация қилинган Шаҳрихон гидроэлектростанциялар каскади таркибидаги Жанубий Фарғона канали ГЭС1 станцияси фойдаланишга топширилди.

Станция ишга туширилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда «Ўзгидроэнерго» акциядорлик жамияти ва тегишли гидроэнергетика тизимидаги нуфузли қурилиш корхона ва ташкилотлари, вилоят ва туман раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар ҳамда ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тантаналимаросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқаришда ГЭСларнинг иштироки йилдан йилга ошиб бораётганлиги, бунда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, айни пайтда ҳудудларда инвестиция дастури доирасида янги ГЭСлар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича ўттизга яқин инвестицион лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ушбу ГЭС 1956 йилда Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоқидаги ПҚ 144+00 белгиси ҳудудида қурилган. Унинг вазифаси ЖФКда оқиб келаётган сувни керакли миқдорда деривация канали орқали ГЭСга ўтказишдан иборат. Деривация канали26 м3/секундига сув қабул қилиш қобилиятига эга. Сўнгги маротаба 1978-1979 йилларда реконструкция қилинган.

Жамият матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ГЭСда модернизация ишлари ўтган йилнинг январь ойида бошланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 5,81 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш учун 2018 йилда эълон халқаро тендер савдолари эълон қилинган. Унга асосан жамият ҳамда “ENERGOREDURS” қўшма корхонаси билан умумий қиймати 5,46 млн. АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган. Шундан 4, 37 млн АҚШ доллари Жаҳон банки ҳамда 1, 09 млн АҚШ доллари “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан молиялаштирилган. Модернизация қилишда зарурий гидротехник асбоб-ускуналар Хитой халқ республикасининг “Hunan Allanward Hydro Generating Equipment CO., LTD” компанияси томонидан ўз вақтида етказиб берилди. Натижада лойиҳа белгиланган муддатдан тўрт ой аввал якунига етди.

- Модернизациянинг асосий мақсади ГЭСнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш, электротехник, гидромеханик ва гидротехник қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлашдан иборатдир, - дейди “Гидролойиҳа” акциядорлик жамияти директор ўринбосари, лойиҳа бош муҳандиси Сафар Холмўминов. – Лойиҳанинг умумий қуввати 2,2 МВт бўлиб, йиллик ўртача электроэнергия ишлаб чиқариш 17,1 млн. кВт.соатга тенг. Бу ўртача тўққиз ярим мингдан ортиқ аҳолини узлуксиз электр билан таъминланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий тугма босилиб, ГЭС каскади ишга туширилди ва энг илғор технологик ускуналар ёрдамида гидроэнергетик иншоот дастлабки киловаттларни ишлаб чиқара бошлади.

Тадбир доирасида АЖ томонидан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 23 нафар фарзандларига хатна тўйлари ташкил этилди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.

Рустамжон Эшонов олган сурат.