Андижон 24

Булоқбоши тумани: АСАЛАРИЧИЛИК КЛАСТЕРЛАРИ КЎПАЙМОҚДА


05.08.2020   2967

Булоқбоши туманида асаларичилик йўналишида йил бошидан буён 4 та янги лойиҳа ишга туширилди. Кластер кўринишидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорларга 300 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.

Зокиржон Саидов бошчилигидаги “Шаҳзодахон Саидова деҳқон хўжалиги” ҳам кластерга асос солганлардан.

-Ўтган йили бол етиштиришдан 100 миллион сўмга яқин даромад олган эдик, - хўжалик раҳбари. - Бу йил 150 миллион сўмдан кўпроқ даромад олишни мақсад қиляпмиз.

Кластерни ташкил қилиш учун ўз сармоямиздан 200 миллион сўм сарфладик. Хўжаликдаги 550 та қути асаларини парваришлаймиз. Улардан 150 қутисини 15 та кам таъминланган оилаларга тарқатганмиз ва иш билан таъминладик. Aйни дамда иш қизғин паллада. Асал йиғиш жараёнидамиз. Карантин даврида ҳам бекор ўтирганимиз йўқ.

Ҳозир маҳсулотимизни фақат ички бозорга чиқаряпмиз, келгусида экспорт қилиш ниятидамиз, ишлаб чиқариш ҳажмини йилдан-йилга ошириб борамиз. 2018-йилда ўтказилган Республика асал ярмаркасида энг сифатли асал номинациясида лауреат бўлганмиз. Юқори сифати боиси деҳқон хўжалигимиз тоғ ёнбағрида жойлашган. Агар қўшимча 20-30 сотих ер берилса, асаларилар учун қути ва парваришлаш учун бошқа зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналар, шунингдек, тўйинтирилган омиҳта ем ишлаб чиқариш мумкин.

Кластерга тегишли боғдан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Зокир аканинг айтишича, 30 сотих ерда бодом, шафтоли, гилосдан яхшигина ҳосил олинди. Биргина гилос экспорти 9 миллион сўм соф фойда келтирди.

-Президентимиз топшириқларига асосан туманимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан асаларчилик кластери ташкил этилди, - деди Булоқбоши тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича бош мутахасиси Отабек Норматов. - Ушбу кластерлар билан 4 минг асалари оиласини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, хар бир хонадонга 20 та асалари оиласи етказиб бериш орқали 100 дан зиёд аҳоли хонадони иш билан таъминланади.

Aсалнинг 3 000 дан ортиқ нави мавжуд. Улар ранги, ҳиди ва таъми билан фарқланади. Aсалнинг фойдаси қандай? У хотирани мустаҳкамлайди, фикрлаш қобилятини кучайтиради. Шунинг билан бирга асал иммунитетни мустаҳкамлайди, организмда холестеринни камайтиради, овқат ҳазм қилиш жараёни ва қон таркибини яхшилайди. Олимларнинг аниқлашларича, 15 минг йил аввал ҳам инсон асал истеъмол қилишган. Aсаларичилик билан эса 5 минг йил олдин шуғуллана бошлашган.

Машҳура РAҲМОНОВA,

«auz.uz» online гуруҳи аъзоси.