Бугуннинг гапи

Бўлажак шифокорлар қасамёд қилдилар


06.01.2018   1026

“Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига кирар эканман ўзимни бор билимим ва маҳоратимни беморларни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга, ёши, жинси, ирқи, миллати, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъий назар тиббий ёрдам кўрсатишга, улар соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, Буқрот, Абу Али ибн Синодек улуғ табибларнинг анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан!”

Андижон Давлат тиббиёт институтида ўтказилган анъанавий битирув кечасида 348 нафар бакалавр, 77 нафар клиник ординаторлар худди шундай қасамёд қилдилар. Кечада сўз олган институтут ректори М. Мадазимов уларга келажаги порлоқ ва шарафли касбларида муваффақиятлар тилар экан: “Сизлар нафақат тиббиёт илми, балки, чин инсонийлик сабоғини ҳам олдингиз. 2017 йил охирида туманларда ўтказилган оммавий тиббий кўрик жараёнларида фаол иштирокингиз ва билимингиз бу борадаги фикримнинг далилидир. Келажакда инсонлар саломатлиги йўлида бор маҳоратингиздан фойдаланиб, хизмат қилишингизга қаттиқ ишонаман”, дея таъкидлади.

Кечада иштирок этаётган ота-оналар қувончи билан шерик бўлдик:

- Мен бахтли оналарданман, бугун иккинчи ўғлим Азизбек ҳам шифокорлик дипломига эга бўлди, дейди кўзлари қувончга тўлиб фарғоналик Мунаввархон Мамадиева. – У Чимёнга бориб ҳамқишлоқларимга хизмат қилишидан фахрланаман.

Бугунги кунда ёшларга яратилаётган шароитлардан кенг фойдаланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ибн Сино, Ислом Каримов каби Давлат стипендияси совриндорлари Жавоҳир Солиев, Ахрор Шодмонов, Моҳинур Усмонова ҳамда Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси стипендианти Фарруҳ Ўрмоновлар ўқишда эришган ютуқлари учун тақдирландилар. Шунингдек, 16 нафар бўлажак шифокорлар имтиёзли дипломга эга бўлдилар. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда” деган сўзлари бугунги кеча ёшлари мисолида ўз ифодасини топгандай.

Тадбирда институт талабалари томонидан концерт дастури барчага манзур бўлди.

Нилуфар Йўлдошева,

Зуҳриддин Умрзоқов олган сурат.