Андижон 24

Бугуннинг гапи: БАНКОМАТДАН НАҚД ПУЛ ЕЧИШДА БАНК ХИЗМАТИ УЧУН 3 ФОИЗ ЭМАС, 1 ФОИЗ ОЛИНАДИ


13.07.2022   2784

Бугун кўпчиликни қизиқтираётган шу савол билан Марказий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси матбуот хизмати масъули Машҳура Дадахоновага мурожаат қилдик.

- Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ, - дейди Машҳура Дадахонова. - Биргина Андижон шаҳрининг ўзида 201 та, вилоят бўйича 543 та банкоматнинг узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган. Уларга бир суткада жами 25-30 миллиард сўм пул солинади.

Барча ташкилот ва корхоналарда ойнинг дастлабки ҳафтаси ва 15-санасида маош ва аванс пулларинингтушишини ҳисобга олсак, мана шу вақтда бир оз тиғизлик вужудга келади. Яна бир маълумот,июнь-июль ойларида таълим соҳаси ходимларининг таътилга чиқишлари муносабати билан банкоматлардан ҳар галгидан кўра кўпроқ пул ечилиши кутилади. Бу жиҳатлар ҳам мутасаддиларимиз томонидан эътиборга олинган.

Банкоматларга кунида икки бор – кундузги соат 9-10 оралиғида ва кечки18.00 атрофида пул солинади.Ҳозир соғлом рақобат юзага келгани сабабли ҳеч бир тижорат банки мижозини йўқотгиси келмайди. Шу сабабли улар банк хизмати учун 1 фоиздан ортиқ ҳақ олишмайди.

Яна бир гап. Хорижда ишлаётган юртдошларимиз яқинларига пул ўтказмаларини пластик карталар орқали амалга оширяпти. Бу тушумлар баъзида чет эл валютаси, баъзида миллий сўмимизда ечиляпти. Қолаверса, айрим тадбиркорлар солиқ тўловларидан қочиш мақсадида харидорга мўмайгина тўловни клик орқали ўтказишларини илтимос қилишади.Масалан, мобиль телефони, совуткич ёки кир машина харид қилдингиз, дейлик. Пластик картангизни узатсангиз, терминал ишламаяпти. Яхшиси, клик қиберақолинг, деган ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Бу тадбиркорлар кечки 8-9 оралиғида 10-15 миллион сўмни ечиб оляпти. Мана шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун солиқ ходимлари харид пулларини терминал аппаратига урдириб, чек олишни унутмаслик кераклигини бот-бот уқтиришмоқда.

Агар банкоматда пул қолмаган тақдирда иш вақти якунига етмаган бўлса, яқин орадаги банк муассасаси кассаси ходими пластигингиздан исталган маблағни 1 фоиз ҳисобига ечиб беради.

Демак, пластикдан пул ечиш масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ваҳимага ва ножўя гапларга ўрин йўқ.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.