Андижон 24

БУГУНГИ МУРАККАБ ДАВРДА ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИКНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ЭНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАДИР


19.04.2020   629

Барчамизга яхши маълумки, коронавирус пандемияси барча мамлакатлар иқтисодиётига катта зарар келтирмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботи кўриб чиқилганда, жорий йилда жаҳон иқтисодиёти кўрсаткичлари 3 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бу қандай хулосани беради? Албатта, барча давлатлар каби мамлакатимизда ҳам айни кундаги иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, аҳоли даромадларини оширишда томорқаларга, қишлоқ хўжалиги соҳасига янада каттароқ эътибор қаратишни, даромадлар камайиб кетмаслиги учун жамики резервларни ишга солишни тақозо этади.

Муҳтарам Президентимиз раислигида 16 апрель куни бўлиб ўтган онлайн видеоселектор йиғилишида юқоридаги муаммоларга кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари мисолида мурожаат қилинди. Унда таъкидланишича, ушбу йилда 9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 280 миллион долларлик экспорт режалаштирилган. Энди имкони қадар мазкур режани амалга оширишга эришиш зарур.

Ҳозирги эпидимиологик вазият сабаб тозалаш ва дезинфекция воситаларига талаб режадагидан бир қадар ортиб кетди. Қўшни давлатлардан 2 минг тонна гипохлоритга буюртма қабул қилинган. Шу боис бор имкониятларни тўлиқ сафарбар этишимиз керак. Мавжуд қувватларни модернизация қилиш вақти етди. Бунинг учун, албатта, соҳада янги лойиҳаларни тайёрлаш лозим. Биз депутатлар эса бу борада ҳар қандай кўмакка тайёрмиз!

Бугун қишлоқ хўжалигини янада тараққий эттириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу борада аввалги йиғилишларда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан аниқ таклифлар берилди. Аммо бу борада соҳада оғриқлар бор. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналари сифати ва нархи жиҳатидан мукаммал эмас. Хорижники билан рақобатдош эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Техниканинг қимматлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига ҳам таъсир қилиши аниқ. Бунинг учун Президентимиз айтганидек, “Техника нарх-навосини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, металл қуйиш қувватларини тезроқ ишга тушириб, локализация даражасини ошириш зарур. Маҳаллийлаштиришдан мақсад эса, ўзимизнинг қишлоқларга мос, деҳқонларга тўғри келадиган ҳамёнбоп тракторлар ишлаб чиқариш”дир.

Мазкур йиғилишда қайд этилганидек, зарур чора-тадбирлар умумий ёндашув асосида эмас, ҳар бир тармоқ бўйича алоҳида белгиланмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси, шубҳасиз, заҳматкаш ва сабри метин, иродали халқимиз манфаатлари, мамлакат эртаси, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва барча соҳаларда аҳоли таъминотини барқарорлигини сақлаб қолишга хизмат қилаётир.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати.