ЖАМИЯТ

БУГУН - СЎМ ТУҒИЛГАН КУН


01.07.2022   2648

Бундан 28 йил муқаддам, 1994 йил 1 июль куни миллий валюта — сўм муомалага киритилди. Мустақил давлатчилигимизда илк марта сўм пул бирлиги ишлатила бошланди ва ҳозирги вақтга қадар мамлакат ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида амал қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги қарори, Ўзбекистон Президентининг 1994 йил 16 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида» ги Фармони миллий пул бирлигимизни дунёга келишига асос бўлди. Ушбу ҳуқуқий нормаларга асосан мамлакатда миллий валюта — сўм муомалага киритилди.

Манбаларда «сўм» сўзининг этимологияси бўйича турлича фикрлар учрайди. Кимдир уни туркий тилдан олинган бўлиб, дастлаб пул солинадиган қопчага нисбатан ишлатилган деса, бошқаси эса уни “тоза”, “соф” сўзлари билан боғлайди. Лекин ушбу фикрлардан ҳақиқатга энг яқини «сўм» араб тилидан келиб чиққани бўлиб, «нарх» маъносини ифодалашидир.

Дастлаб сўм икки хил шаклда — кичик қийматдаги пуллар 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийин миқдоридаги тангалар ҳамда каттароқ қийматдаги 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўм миқдоридаги қоғоз купюралар бир вақтнинг ўзида муомалага кирган. 100 тийин 1 сўмга тенг бўлган.

Эътиборлиси сўм муомалага киритилган 1994 йил 1 июль куни 1 АҚШ доллари 7 сўмга тенг бўлган (Солиштириш учун: Бугун, 1 июль ҳолатида Ўзбекистон Марказий банки белгилаган қимматга кўра, бир АҚШ доллари 10 865,94 сўмни ташкил этмоқда).

1–100 сўмлик қоғоз пуллар 1994 йилда, 200 сўмлик 1997 йилда, 500 сўмлик 1999 йилда, 1000 сўмлик 2001 йилда, 5000 сўмлик 2013 йилда, 10 ва 50 минг сўмлик 2017 йилда, 100 минг сўмлик 2019 йилда, 2000 ва 20 000 сўмлик пуллар 2021 йилда муомалага киритилган. Ҳозирда 1 сўмдан 500 сўмгача (500 сўм ҳам) бўлган купюралар муомаладан олинган.

Ўзбек сўми дастлабки даврда хорижда тайёрланган эди. 1997 йили муомалага киритилган 200 сўмликдан бошлаб, кейинги даврдаги барча қоғоз пуллар Тошкентда, «Давлат белгиси» ДИЧБ давлат корхонасида чоп этилмоқда.