Андижон 24

БУГУН КИТОБ ОЧГАН ОДАМ – КЕЧАГИ ОДАМ ЭМАС!


11.04.2021   763

Республикамиз бўйлаб «Китобхонлик ҳафталиги» тадбирларига вилоятимизда ҳам старт берилди. Шу муносабат билан аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, китобхонликни ривожлантириш бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳафталикнинг очилишида вилоят ҳокимлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, халқ таълими бошқармаси мутасаддилари иштирок этдилар.

Дастур доирасида мактабларда китобхонлик ярмаркалари, «Китоб - офтоб» мавзуларида байрам, мушоиралар, «Кутубхона – иккинчи оилам» клубининг«Эртаклар – яхшиликка етаклар» йўналишидаги машғулотлар, саводхонлик мунозаралари бўлиб ўтмоқда. Ўқувчилар учун янги китоб тақдимотлари, ёзувчи-шоирлар билан ўтаётган қизғинучрашувлар мутолаага иштиёқмандлар учун айни муддао бўлди.

Мактабимизда ташкил қилинган китоб ярмаркасига ўқувчиларимизнинг ота-оналарини ҳам таклиф этдик, дейди 55-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Насибахон Нуриддинова. Қулай нархларда, ўзлари қизиққан китобларни фарзанд-лари учун харид қилишиб, билимдонлик ярмаркалари ўтказилиши тарафдори бўлдилар.

Ўрни келганда айтиш жоиз, пойтахтимизда жойлашган www.asaxiy.uz интернет-дўконининг «Asaxiy Books» лойиҳаси мамлакат бўйлаб китоб тарғиботи, жумладан, ўқувчиларга энг керакли, сифатли ва савияли бадиий адабиётларни етказиб бериш борасида катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Айниқса, ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг лойиҳа доирасида яқинда чоп этилган “Қўрқма” романи қисқа муддатда замонамиз зиёлилари ҳамда ёшлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Мазкур китоб “Asaxiy Books” бестселлерлари” танловида март ойининг мутлақ ғолиби бўлганлигининг ўзиёқ айни фикрнинг исботи.

Ҳафталик доирасида Андижон давлат университетида “Қўрқма” романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда бадиий адабиёт ихлосмандлари ижодкорнинг ўзи билан самимий суҳбат қуриб, муаллифнинг дастхати туширилган китобни олиш имкониятига эга бўлишди.

Вилоят бўйлаб «Китобхонлик ҳафталиги» тадбирлари давом этмоқда.

Моҳигул

СиддиҚова.