«102» хабарлари

БУГУН – ИЧКИ ИШЛАР ИДОРАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ


25.10.2017   1237

Севган касбингда ишлаш завқли,

– дейди ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимаси Марина Антонова

Бугунги кунда вилоят ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармасида ушбу соҳани ҳавас қилиб, ўз меҳнати, салоҳияти, билими билан эл хизматида бўлишга аҳд қилган аёл-қизлар ҳам меҳнат қилади.

Марина Антонова қурилиш техникумини тамомлагач, ёнғин хавфсизлиги бошқармасига ишга кирди. Дастлаб марказий алоқа маскани диспетчери, катта диспетчер вазифаларида меҳнат қилди. Айни дамда котибият катта иш юритувчиси вазифасида фаолият олиб бормоқда. Устозлари Татьяна Жўраева, Барно Амановалардан касб сирларини қунт билан ўрганган Марина ўз устида тинимсиз ишлади, янгиликларни эринмай ўзлаштириб, амалиётга жорий этишга уринди. Жамоада ҳам ҳурмат ва эътибор қозонган Маринанинг фаолият бошлаганига мана 20 йилдан ортиб кетди.

– Мен бу соҳани танлаганимдан ва юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фуқароларимизнинг осуда яшаши, хотиржам ишлаши учун жонини фидо қиладиган касбдошларим орасида эканлигимдан мамнунман, – дейди Марина. – Аслини олганда, яхши кўрган касбингда ишлаш инсонга завқ бағишлайди.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби ёнғин ўчириш хизматида ҳам ўзига хос қийинчиликлар бор. Азиз фарзандини меҳр билан тарбиялаётган Марина гоҳида ишларнинг кўплигидан уйга кеч қайтишига тўғри келади. Шундай бўлса-да, у ўз касбига содиқ қолишга аҳд қилганлигини ҳамкасб- ларига доим намойиш этаётир. Спорт соҳасида эришган ютуқлари учун бир неча маротаба тақдирланганлиги ҳам эътиборга молик.

– Тизимимиздаги аёл-қизларимиз орасида яхши натижаларга эришаётганлар кўпчиликни ташкил этади, – дейди ходимлар бўлими бошлиғи Дилшодбек Шокиров. – Энг меҳнаткаш, фаол ходимларимиздан, бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулбаҳор Маткаримова "Содиқ хизматлари учун" медали билан мукофотланган. Моҳидил Қурбонова, Гулнозахон Исмоилова, Дилфузахон Мадраҳимова, Жаннатхон Назарова сингари ходимларимиз ҳам ҳар қанча тақдирлашга муносибдир.

Нурматжон

СУЛАЙМОНОВ.

Муроджон

ТЎХТАНАЗАРОВ

олган сурат.