Андижон 24

БУFДОЙ ЎРИМИ УЛУFНОРДАН БОШЛАНДИ


09.06.2021   2103

Бепоён буғдойзорлар олтин ранг олди. Бу ғаллакорлару мутахассисларнинг эзгу ният билан қилган меҳнати самараси.

Далалардаги бўлиқ ҳосилни жадал ва сифатли ўрим-йиғими мавсумнинг масъулиятли вазифаси. Комбайнчилар, ҳайдовчилар фермерлар билан қадрдонлардек ҳамжиҳат ишлаши унумдорликни таъминлайди. Ҳосил оби-тобида саранжомланади.

Улуғнор туманинингМ. Иминов массивидаги фермер хўжаликларига Хўжаобод туманидаги "Файз-М" кластери комбайнчилари кўмакка келдилар. 5 та "Класс", "Кейс", "Виктор" русумли комбайнларнинг иш унуми юқори.

Тажрибали комбайнчи Абдулҳамид Расулов "Шамшир" фермер хўжалигининг 13 гектарлик буғдойзорида ўримни бошлади. Комбайннинг бункери тезда дон билан тўлди. Техника жиловкори ҳайдовчи ШодиёрҒоиповнинг пайкал четидаги автомашинасига донни тўкиб, "Виктор"ни яна ғалла майдонига бурди.

– Ҳосил баракали бўлибди, – дейди Абдулҳамид Расулов фермер Шавкатбек Ҳожиқуловнинг қўлини сиқиб. – Элимизнинг ризқи бутун бўлади.

– 560 гектардаги буғдой ўримга келди, – дейди массив раҳбари Ҳожиакбар Ҳамидов. – Хўжаободлик яна бир отрядга жамланган ком-байнчилар "Ураимовлар оиласи" фермер хўжалигининг 56 гектардаги буғдой ўримига киришдилар. Дастлабки кундаги натижалар хирмон салмоғини кўрсатяпти.

– "Андижон-4" буғдой нави еримизга мос тушди, – дейди фермер Нодирбек Ураимов. – Ҳосили мўл.

Улуғнорда ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан боряпти. Хирмонларга дон тўкиляпти, тандир тўлиб нон ёпилмоқда.

Аҳмадилло

СОЛИЕВ.

Хурсандбек

Араббоев

олган сурат.