Андижон 24

«БРИТАНЧА» ШТАММ ОДАМЛАРГА ҚАНДАЙ ХАВФ СОЛМОҚДА?


02.02.2021   2022

Буюк Британияда аниқланган коронавирус янги штаммининг дунё бўйлаб тарқалиши кундан кун кучаймоқда ва бу мутацияга учраган янги штамм юртимизда ҳам аниқланди.

Мазкур штамм ҳақидаги ССВ Матбуот хизматининг саволларига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаевадан жавоб олдик:

— Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми кузатилган давлатларнинг шифокор ва олимларининг хулосаларига кўра, янги штамм олдинги коронавирусга нисбатан 71 фоизга юқувчан ва тарқалувчанлиги жуда юқори. Бу инфекция кўпроқ болалар ва ўсмирларда тарқалмоқда.

«Британча» штаммга хос бўлган хусусият – унинг тез бошланиши. Бу штаммни юқтирган одам бир соатдан сўнг умумий ҳолсизликни ҳис қила бошлайди. Тана ҳароратини кўтарилиши +39°С гача ёки ундан юқори бўлади. Қуруқ йўтал, кўп ҳолатларда томоқ қирилиши билан келади. Йўтал оғриқсиз бўлсада, беморда бош оғриғи ва таъм билишнинг йўқолиши кузатилади.

Буюк Британия шифокорлари фикрича, янги штаммни юқтирганда оёқларнинг пастки қисмларида тошмалар, пўрсилдоқлар пайдо бўлиши кузатилиши, чарчоқнинг кучайиши, мушаклар ва суяклар ичида оғриқ бўлиши аниқланган. Баъзи беморларда эшитиш қобилияти ҳам пасайган.

«Британча» штамм бирламчи коронавирус каби инсон организмидаги заиф аъзоларга бирикиб, касаллик чақиради. Баъзи беморларда ошқозон-ичак тизими касалликлари, яъни диарея ёки қабзият, қориндаги оғриқлар ҳам қўшилади. Бундай ҳолатларда дори воситалари қийин таъсир этади, бу эса даволашда қийинчиликларни туғдириши мумкин.

Болаларда учраган коронавирус «британча» штаммининг симптомлари қуйидагилар:

бош оғриғи;

тана ҳароратининг кўтарилиши;

қоринда оғриқ;

кучли холсизлик;

иштаҳанинг йўқолиши;

тильдаги шиш ёки қизариш («қулупнайсимон» тил);

ёноқлар ва кафтларнинг қизариши;

баъзи болаларда мульти тизимли яллиғланиш синдроми, токсик шок, миокардит каби ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин.

«Британча» штамм кенг тарқалаётган бўлсада, олимлар томонидан уни ўрганиш давом этмоқда. Вирус касалликнинг енгил ёки симптомларсиз кечувида ҳам турли хил асоратлар келтириб чиқараётгани аниқланган.

Шу ўринда юртдошларимиздан ўз соғлиқларини асраш учун қуйидаги талабларга риоя қилишларини сўраб қоламиз:

британча штамм тарқалган давлатларга вақтинча бормай туриш;

оилада, кўчаларда, корхоналар ва ташкилотларда карантин қоидаларига риоя қилиш;

болалар кўп бўладиган масканлар – мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва коллеж, лицей, техникум ҳамда олий таълим муассасаларида карантин қоидаларига риоя қилиш;

доимий равишда ниқобларни қоидага риоя қилган равишда тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;

витаминларга бой маҳсулотлардан тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш;

доимий жисмоний фаоллик билан шуғулланиш.

Шамоллаш аломатлари пайдо бўлса, оилавий шифокорга мурожаат қилиш, ўз вақтида шифокор назоратидан ўтиш ва самарали даволаниш талаб этилади. Шу билан касалликни ёки унинг асоратларини олдини олиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.